Мақсад аҳолининг бандлигини таъминлаш
Бухоро вилояти Қоракўл туман ҳокими Хуршид Тоҳиров ҳамда сектор раҳбарлари ва турли соҳа вакиллари иштирокида сайёр қабул ўтказилди.
Туманнинг “Полвонлар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги сўлим боғда бўлиб ўтган қабул давомида аҳоли вакиллари томонидан кўтарилган бандлик, ички йўлларни таъмирлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда коммунал масалаларга доир мурожаатлар тегишли ташкилот раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилиб, уларга ечим топиш чоралари белгиланди.

Жумладан, “Мирзақалъа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролар М.Назарова, Д.Шоназарованинг тикувчилик билан ўзини ўзи банд қилиш истаги инобатга олиниб уларга тикув машиналари олиб берилди. “Полвонлар” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳ.Одиловнинг йўлни таъмирлаш юзасидан қилган мурожаати ҳам инобатга олинди. Яна шу маҳаллада яшовчи фуқаролар М.Олимова ҳамда О.Раҳимов мактабгача таълим муассасаларига ишга жойлаштирилди. Уч нафар фуқаронинг кредит асосида юк мотоцикли олиш истаги ҳам шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Сайёр қабул доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни кучайтириш, оилавий тадбиркорликка янада туртки бериш орқали аҳолининг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш мақсадида асбоб-ускуналар кўргазмаси ва меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Фуқароларнинг оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар олиш тартиби билан боғлиқ кўплаб саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди. Шу ернинг ўзида меҳнат ярмаркаси ҳам ўтказилди. Унда 23 нафар иш сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг 18 нафари ишга жойлаштирилди.


Қабулдан сўнг “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарига киритилган 6 нафар ёшга мотокультиватор, 6 нафар аёлга тикув машинаси, “Темир дафтар”даги 4 та оилага эса инкубатор топширилди. Шундан сўнг, туман ҳокими “Полвонлар” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун қўшимча иш ўринлари яратиш имкониятларини ўрганиб чиқди. Ўрганиш жараёнида туман ҳокими аҳолининг турмуш шароити билан ҳам яқиндан қизиқди.


Маҳалланинг деярли ҳар бир хонадонида қорамол боқилади. Интизор Асадова ҳам бу борада кўпга ибрат бўлиб келмоқда. Фарзандлари билан ҳалол меҳнат қилиб оиласи учун қўшимча даромад олаётган Интизор опани Хуршид Тоҳиров алоҳида эътироф этди.
Зариф Комилов, ЎзА.