Мақсад, аҳолига ҳуқуқий кўмаклашиш
Навоий вилояти адлия органлари тизимида ташкил этилган “Сайёр қабуллар ҳафталиги” доирасида вилоятнинг олис ва чўл ҳудудлари ҳисобланган Учқудуқ ва Томди туманларида аҳоли билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Сарабеков, вилоят ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев ва туман сектор раҳбарлари иштирок этди.
Бугунги кунда Учқудуқ туманида 43181 нафар, Томди туманида эса 10900 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Бу масканларда фуқароларнинг асосий муаммоси ишсизлик, уй кадастри ва моддий таъминот билан боғлиқ.

Қабул мобайнида мазкур масалалар қонунчиликда белгиланган тартибда муҳокама этилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва ёшлар муаммоси алоҳида назоратга олинди.
2005 йилда туғилган Милана Отташук айни пайтда Учқудуқ туманида истиқомат қилади. Унинг отаси вафот этган ва боқувчиси йўқ. Шу боис, у бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақа пули олиш юзасидан ариза берган. Бироқ туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини йўқотгани ва оталикни белгилаш ҳақидаги маълумотномаси мавжуд бўлмагани учун фуқаронинг аризаси рад этиб келинган. Сайёр қабулда Милананинг мазкур муаммоси адлия органлари томонидан ижобий ҳал этиб берилди.

– Энг катта муаммо ҳал этиб берилди, – дейди М.Отташук. – Шу ернинг ўзида керакли ҳужжатлар тайёрланди. Онам бор, у 1-гуруҳ ногирони. Ёнида қаровчиси бўлмаса мустақил ҳатто сув ҳам ичолмайди. Онамга қараб турганим учун бошқа бирор иш қилишга имконим йўқ. Кейинги ойдан боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақа пулларимни оламан.
Мулоқотлар давомида адлия органлари томонидан 90 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, 20 га яқинига ҳуқуқий тушунтириш берилди. 40 дан ортиқ мурожаат ижобий ҳал этилган бўлса, 17 таси тегишлилигига кўра давлат органлари ва ташкилотларига юборилиб, 13 таси ўрганиш учун иш юритувига қабул қилинди.
Сайёр қабулда фуқароларга 20 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
Абдували Бўриев, ЎзА