Мақсад аҳоли бандлигини таъминлаш
Бухоро вилояти Қоракўл туманида меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кредит ажратиш тизимининг соддалаштирилиши натижасида туманда ҳам тадбиркор бўламан деган инсонлар сони тобора ортиб бормоқда. Жорий йил бошидан 1487 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 31 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилган. Ушбу рақамни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қиёслайдиган бўлсак, бу йил оилавий тадбиркорлик йўналишида кредит олган фуқаролар 1,4 марта кўпайган.


Бундан кейин ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни кучайтириш, оилавий тадбиркорликка янада туртки бериш орқали аҳолининг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш мақсадида Қоракўл тумани маданият марказида асбоб ускуналар кўргазмаси ва меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Тадбирда Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров иштирок этди. Ярмаркага келган туман аҳолиси билан суҳбатлашди. Туман ҳокими мамлакатимизда йилдан-йилга тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишни бошлаган оилаларга кенг имкониятлар бериш, қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб берди.


Фуқароларнинг оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар олиш тартиби билан боғлиқ кўплаб саволларига мутахассислар томонидан жавоблар берилди. Шу куннинг ўзида хизмат кўрсатувчи банк ва фуқаролар ўртасида 100 дан ортиқ кредит ажратиш тўғрисидаги шартномалар тузилди.
Шу ернинг ўзида меҳнат ярмаркаси ҳам ўтказилди. Унда тумандаги 53 та корхона ва ташкилотлар ўзларидаги 461 та бўш иш ўринлари билан қатнашди. Ярмаркага келган 93 нафар ишсиз фуқароларнинг 56 нафари ишга жойлаштирилди. Шунингдек, 7 нафар ишсиз фуқаролар қайта касбга ўқитишга ҳамда 10 нафар ишсиз фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига йўлланмалар, шунингдек, 10 нафар фуқароларга меҳнат конунчилиги ва ҳуқуқига доир маслаҳатлар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА