Манзил колониясида ҳарбийлар концерт берди
Марказий ҳарбий округга қарашли Самарқанд шаҳридаги 524-сафарбарлик чақируви резерви батальони раҳбарияти ташаббуси билан “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Пастдарғом туманида жойлашган 37-сонли манзил колониясида концерт дастури намойиш этилди.

Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳарбий хизматчилар муассасага гуллар билан кириб борди ва жазони ўтаётган хотин-қизларга уларни тақдим этди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти бўлими фаоллари эса китоблар совға қилишди.

Шундан сўнг ҳарбий оркестр ижросида куй-қўшиқлар ижро этилди.
– Биз бундай байрамона концерт дастурини кутмагандик, – дейди маҳкума Ф.Исматова. – Ҳарбийларга раҳмат. Кўнглимиз тоғдай кўтарилди. Оз бўлса-да, ғам-ташвишларимизни унутдик.

– Ватан ҳимоячилари куни фақат ҳарбийларнинг байрами эмас, бутун халқимизники, – дейди тадбир ташкилотчиларидан бири капитан Воҳид Ҳамидов. – Шу боис “Ватанпарварлик ойлиги” тадбирлари таълим муассасалари, маҳаллалар, ҳатто, меҳрибонлик уйларидан жазони ижро этиш муассасаларигача ўтказилмоқда. Мақсад – ватанпарварлик туйғусини, Ватанни ҳимоя қилиш аҳдини ҳар бир қалбга сингдириш, халқимизни байрам билан табриклашдан иборат.