“Манга” расмлар кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Танабата” анъанавий япон фестивали ва “Манга” расмлар кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Маълумки, Танабата – анъанавий япон байрами “юлдузлар фестивали” ҳам деб аталади. Бу байрам Японияда ҳар йили 7 июлда нишонланади.
Танабата тарихига назар соладиган бўлсак, Хеян давридан бошлаб, Японияда Хитойдан олинган санъат фестивалини нишонлаш анъанаси мустаҳкамланди. Дастлаб у фақат Киото император саройида нишонланган. Бу одат Эдо даврининг бошида кенг тарқалиб, Обон байрамининг турли анъаналари билан аралашиб, ҳозирги кунгача замонавий байрам шаклида сақланиб қолган.

Манга санъати ҳам мамлакатимизда тобора оммалашиб бормоқда. Манга қадимий тарихга эга ва япон маданиятининг муҳим қисмидир. Бироқ сўнгги йилларда япон комикслари санъати ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларида медиа маданиятининг ажралмас қисмига айланди. Кино ва адабиёт сингари манга ҳам турли жанрларни қамраб олган бўлиб, уни барча ёшдаги одамлар ўқий олади.

Жорий йилда “Манга” кўргазма-танловида Ўзбекистоннинг Тошкент, Навоий, Самарқанд шаҳарларидан турли ёшдаги (11 ёшдан 29 ёшгача) 10 нафар иштирокчи ўз асарларини тақдим этди.
Ўзбекистонда ўтказилаётган ушбу кўргазма-танлов манга ихлосмандлари учун қизиқарли ҳикоялар ва чиройли графикалардан баҳраманд бўлишлари учун ажойиб имкониятдир.
Манга кўргазма-танловида 10-13 ёш тоифасида – Розия Абдумавлянова, 14-17 ёш тоифасида – Шаҳина Усмонова ҳамда 18 ва ундан катта ёш тоифасида – Саидазим Усмонов ғолиб бўлди.

Танлов ғолиблари Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда “Бета” МЧЖнинг диплом ва совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Кўргазма 2026 йил 19 июлгача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА