Ўзбекистон – Хитой: тўқимачилик соҳаси учун ҳамкорликда кадрлар тайёрланади
Бугунги кунда тўқимачилик саноатида хомашёни чуқур қайта ишлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги соҳавий ҳамкорлик янги лойиҳалар ва инвестициявий ташаббуслар учун кенг имконият яратмоқда.
Яқинда Хитойнинг Алар шаҳрида Шинжон-Алар тўқимачилик хомашёси саммити ҳамда Пахта-тўқимачилик саноатининг XX форуми бўлиб ўтди. Тўқимачилик соҳасига бағишланган мазкур халқаро тадбирларда Ўзбекистон вакиллари ҳам фаол иштирок этди. Учрашувлар давомида икки мамлакатнинг тўқимачилик корхоналари, соҳавий ташкилотлари ва ишлаб чиқарувчилари ўртасида тажриба алмашилиб, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Асосий эътибор пахта хомашёсини қайта ишлашдан тортиб, тола, ип-калава, мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ривожлантириш масалаларига қаратилди. Шунингдек, янги технологиялардан фойдаланиш, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, маҳсулот сифатини ошириш ва қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Учрашувлар давомида Ўзбекистон компаниялари Хитойлик ҳамкорлар билан полиэстер, вискоза ва лиоселл каби кимёвий толалар, аралаш матолар, бўяш ва пардозлаш технологиялари бўйича музокаралар олиб борди.
Хитой томони эса Ўзбекистонда мавжуд ишлаб чиқариш имкониятларидан фойдаланиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Марказий Осиё, МДҲ ва Европа бозорлари учун маҳсулот ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирди.
Тўқимачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Хитойнинг соҳавий ҳамкорлари ўртасида маҳаллий дизайнер ва модельерларни ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришилди.
Уюшам ахборот хизматига кўар, янги ҳамкорлик ташаббуслари Ўзбекистонда пахта хомашёсини янада чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини оширишда муҳим ўрин тутади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА