Маънавиятга бағишланган мулоқотлар
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг фикр ва таклифларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда маънавият тарғиботини ҳаёт билан уйғун ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабул ва очиқ мулоқотлар халқ билан мулоқотнинг самарали механизмига айланиб бормоқда.
Ана шундай маънавий-маърифий аҳамиятга эга тадбирлардан бири Бухоро вилоятида ташкил этилди ва унда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов иштирок этди.
Унда вилоят зиёлилари, олимлар, театр ижодкорлари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари ҳамда соҳа масъуллари иштирокида, бугунги кунда ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш ва маърифат тарғиботини кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Сайёр қабул доирасида иштирокчилар жондорлик Барот Сафаровнинг мурожаатига асосан унинг хонадонида ҳам бўлди. Мазкур хонадон миллий қадриятлар ва маърифат муҳитини ўзида мужассам этган маскан сифатида меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Хонадонда миллий либослар, қадимий дўппилар ва турли тарихий буюмлар эҳтиёткорлик билан сақланаётгани, уларнинг ҳар бири ўзига хос тарих ва маънавий қимматга эга экани алоҳида эътироф этилди.
Шу билан бирга, отахонни қийнаётган айрим масалалар юзасидан мутахассислар билан маслаҳатлашилиб, зарур ҳуқуқий ва амалий ёрдамлар кўрсатилди. Бу эса инсон қадрини улуғлаш, аҳоли мурожаатларига ечим топиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Тадбир якунида халқимиз қалбида маънавият ва онгида маърифат азалдан яшаб келаётгани, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаб келаётган ана шундай фидойи инсонлар жамиятнинг ҳақиқий бойлиги экани алоҳида қайд этилди.
[gallery-29169]
Бухорода ўтказилган мазкур сайёр қабул нафақат муаммолар ечимига қаратилган амалий мулоқот, балки маънавият ва маърифатни улуғлаган самимий учрашув сифатида иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Бу каби тадбирлар жамиятда маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, миллий қадриятларга ҳурматни кучайтириш ва ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА