Маънавият масаласи доим долзарб
Мустақиллик йилларида маънавий тараққиётга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги амалий ишлар, айниқса кейинги йилларда янада жадаллашди.
Соҳани такомиллаштириш мақсадида сўнгги беш йилда маънавият ва маърифат тизими самарадорлигини ошириш бўйича 10 дан ортиқ қонун ҳужжати, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та Фармони ва 4 та қарори, 1 та фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарор ва 5 та фармойиши қабул қилинди. Шунингдек, маънавий тарбияни тизимлаштиришга оид концепция ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этилмоқда. Ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий харитасини яратишга киришилди.
Йилма-йил таҳлил қилсак, Президентимизнинг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарори билан Республика Маънавият тарғибот ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида Республика Маънавият ва маърифат маркази ташкил этилган. Бу ташкилотлар илмий-амалий тадқиқотлар ишлаб чиққан бўлса, иккинчиси мазкур тадқиқотларни тарғиб этиш билан шуғулланиб келган эди. Уларнинг мақсади бир, яъни миллий ғоя ва мафкура масаласи билан боғлиқ долзарб масалаларни, бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, устувор йўналишларни аниқлаш, уларни аҳолининг турли қатламларига бўлган таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимиз, ҳаёт тарзимизга зид ва зарарли ғоялар ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб бериш, ёшлар ўртасида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама олиб боришга йўналтирилган суҳбат ва учрашувлар, маърифий тадбирлар ўтказишдан иборат эди.
Мазкур қарор асосида марказ раҳбарининг мақоми – вазир, раҳбар ўринбосарлари мақоми эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилгани бу соҳанинг мавқеини оширишга оид янгилик бўлди. Тизимнинг ҳудудий бўлим ва бўлинмаларини бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш масаласи йиллар давомида муаммо бўлиб, унинг ечими йўлга қўйилгани, марказ ва унинг тасарруфидаги ташкилотларни жойлаштириш учун алоҳида бино ажратилгани катта ўзгариш бўлди.
Марказ ҳузурида “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ташкил этилиб, унда аҳоли онгига таъсир кўрсата оладиган етук тарғиботчилар бир жойга жамланди. Ҳозирда ушбу жамият жуда катта “тарғибот машинаси” десак, тўғри бўлади. Мазкур гуруҳ бугунги кунда барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тарғиб этишга ҳаракат қилмоқда. Тарғиботчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, рағбатлантирилаётгани ҳам таҳсинга лойиқ.
Бугунги кунда марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигидаги Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг ижро органи ҳисобланиши билан бирга, раҳбарларнинг маънавият ва маърифат йўналишида бошчилик қилаётгани ҳам тарғибот ишларининг ташкил этилишига катта бурилиш ясади. Айниқса, жойларда ҳудуд раҳбарлари соҳани ривожлантиришга масъул этиб белгиланиши муаммоларга жиддийлик билан ёндашишни кўрсатмоқда.
Бу ишларнинг давоми сифатида 2019 йил 3 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” ва “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитнинг ҳолатини аниқлаш ва манзилли соғломлаштириш” методикаси лойиҳаси яратилди. Мазкур концепция асосида оилада, шунингдек, таълимнинг барча босқичларида фарзанд тарбиясининг узлуксизлигини таъминлаш тизими ишлаб чиқилди. Яъни, бола туғилмасидан бошлаб 25 ёшгача вақт давомида унинг маънавиятини, ёшига мос кўникма ва малакалар, компетенцияларини кутилаётган аниқ даражасини кафолатли таъминлашнинг илмий асосланган дастурий-методик таъминотини ташкил этишдан иборат. Ушбу вазифаларни амалга оширишга бевосита масъул бўлган вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида эса марказ ҳузурида “Маънавий тарбия” жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.
Жорий этилаётган тизимли ёндашувда ижтимоий малакаларни шакллантириш олдиндан лойиҳалаштирилади ва тарбиявий натижаларга эришиш кафолатланади. Шу боис узлуксиз маънавий таълимда ижтимоий малакаларни тарбиялашда педагогик технологияларни қўллаш – инновацион талаблардан бирига айланди. Узлуксиз маънавий тарбия тизими оила, мактабгача, умумий ўрта таълим муассасаларида ёшларни босқичма-босқич, узлуксиз маънавий тарбиялаш натижадорлигини кафолатлашга доир педагогик операциялар, воситалар, методлар занжиридир. Президентимиз дунё минтақаларидаги қонли тўқнашув ва низоларга тўхталиб, юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашни кучайтиришимиз шартлигини, бу курашнинг оддий, ҳар биримиз амал қила оладиган йўлларини ҳам кўрсатиб берди. Демак, тарбия масаласи кун тартибимизда доим бўлиши таъкидланмоқда. Умумтаълим мактабларида “Тарбия” фанининг жорий этилиши ҳам шундан, аслида. Мақсад ёшлар маънавиятини бойитиш, бузғунчи ғояларга қарши мафкуравий иммунитетини шакллантириш, уларнинг онг ва хулқларини бунёдкор, эзгу ишларга йўналтиришдан иборатдир.
Жорий йилнинг 19 январида Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган йиғилишдаги “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” мавзуидаги маърузаси маънавият ва маърифат соҳаси учун катта ижобий бурилиш бўлди. Республика Маънавият ва маърифат марказининг мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш, соҳада илмий ёндашувни кенг жорий этиш, илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Шу асосда барча тизимларда Маънавият ва маърифат кенгашлари ташкил этилди. Вазирлик, идора ва ташкилотларнинг 2021 йил учун маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, амалиётда жорий этилмоқда.
Олий таълим тизимида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб талабалар сони ва идоравий бўйсинувидан қатъи назар, барча олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида маънавий-маърифий ва ёшлар ишлари бўйича проректор лавозими жорий этилди. Шу билан бирга олий таълим муассасаларида турли танловлар қайта кўриб чиқилиб, янги-янги лойиҳалар тайёрланиб, амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Кўрик-танловлар йўналишлар бўйича қайта таҳлил қилинмоқда. Авваллари фақат маданият, санъат ва спорт йўналишлари бўйича танловлар жорий этилган бўлса, эндиликда ҳар бир таълим муассасасини ихтисослашган йўналишларини ривожлантиришга оид махсус танловлар режалаштирилмоқда. Шунингдек, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатларга барҳам бериш, ёшлар ўртасида хуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш мақсадида ҳудудлардаги таълим муассасаларидан тарбияси оғир бўлган ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари билан эл-юрт ҳурматига сазовор, фахрий авлод вакиллари иштирокида “Авлодлар учрашуви” лойиҳаси, “Бир маҳаллага бир зиёли маънавий ҳомий”, “Бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойиллари асосида профессор-ўқитувчилар, ижодкор зиёлилар, ижтимоий фаол нуронийларни жалб қилган ҳолда “маҳаллабай” ишлаш тизими яратилди. Бугунги кунда ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан “маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича алоҳида “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, муассасалар ижросини таъминламоқда.
Масалан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг барча турлари, чет тилларини ўргатишга қаратилган бепул тўгараклар, компьютер саводхонлигини ошириш бўйича бепул курслар ҳамда бошқа касблар бўйича ҳам ўқувлар ташкил этилмоқда. Аҳоли орасида оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган психологик тренинглар ташкил этилди. Ёши улуғ профессор-ўқитувчилар иштирокида маҳалла ёшлари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Бу бир томондан ёшларга зиёлилар мисолида ибрат кўрсатилса, иккинчи томондан жамиятда нуронийларнинг ижтимоий фаоллиги ошишига туртки бўлмоқда.
Бугун ҳар бир умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилиб, унга шоир, ёзувчи ва журналистларни жалб қилиш йўлга қўйилди. Мақсад, ижодкорларни ёшлар билан яқинлаштириш ҳамда уларнинг ижодкорлик қобилиятини юксалтиришга эришишдир.
Жорий йилдан бошлаб маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни намунали йўлга қўйиш бўйича “Энг намунали туман”, “Энг намунали вазирлик” танловлари ўтказилиши йўлга қўйилди. Дунёда юз бераётган геосиёсий ўзгаришлар ва мафкуравий жараёнлар маънавий-маърифий ишлар фақат тарғибот-ташвиқот билан чегараланиб қолмасдан, бу соҳага илмий ёндашув зарурлигини кўрсатмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2021 йилда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди.
Ҳа, бугун маънавият чиндан ҳам янада қадрланаётир. Бу йўлда барчанинг масъуллиги кучайтирилмоқда. Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлиб, унинг жони ва руҳи маънавият эканлиги кенг оммага қайта-қайта сингдирилмоқда. Зеро, моддият ва маънавиятнинг тенг кўрилиши онгимиз ҳамда қалбимизга мустаҳкам ўрнашиши зарур
Мунира ҚАҲҲОРОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси бўлим бошлиғи.