Маънавият ишлари замон талабларига ҳамоҳангми?
Президентимиз раислигида 2023 йилнинг 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият соҳасидаги барча ишларни бугунги мураккаб давр талабига ҳамоҳанг тарзда йўлга қўйиш муҳимлиги алоҳида таъкидланган эди.
Видеоселектордан сўнг Республика Маънавият ва маърифат маркази ўз фаолиятини қандай олиб бормоқда?
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда марказ ахборот хизмати раҳбари Баҳора Аҳмедова Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан 2024 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Эътироф этилганидек, жорий йилдан бошлаб Республика Маънавият ва маърифат маркази фаолияти такомиллаштирилиб, Марказ структураси қайта тасдиқланди. Унга кўра, Марказ фаолиятининг 40 фоизи рақамли тарғиботга, 30 фоизи методик таъминотга ҳамда 30 фоизи анъанавий тарғибот ишларига қаратилди.
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги ривожланиш босқичида маънавий тарғибот ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш мақсадида Марказ ҳузурида Рақамли тарғибот лабораторияси ҳамда “Jalinga” интерактив студияси очилди.
Олимлар ва ижодкорлар билан биргаликда халқимизнинг миллий ғурурини юксалтириш ва ватанпарварлик хиссини оширишга оид медиа маҳсулотлар, видео дарслар, методик қўлланмалар, подкастлар, муаллифлик кўрсатувлари, рилслар, аудио ва видеороликлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Шунингдек, маънавий тарғибот ишлари кўлами ва мазмунини ошириш бўйича Бош прокуратура, Мудофаа вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Миллий гвардия, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Кинематография агентлиги билан Марказ ўртасида ҳамкорлик келишувлари имзоланди.
Юртимиз бўйича маънавий-маърифий ишлар билан шуғулланувчи 31 482 нафар маънавият соҳаси вакиллари таркиби шакллантирилди ва улар фаолиятини тизимли мониторинг қилиш мақсадида “KPI.UZ” рақамли платформа лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Жамиятда ижтимоий фаол фуқарони шакллантиришга кўмаклашиш мақсадида “Ижтимоий фаол фуқарони шакллантириш” концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Аҳолининг турли қатлами билан маънавий тарбия ишларини тизимли ташкил қилиш мақсадида 3 та ёш тоифасидаги мавжуд вазият таҳлил қилинди.
Катта ёшдаги авлод вакиллари ҳамда ўрта ёшдаги авлод вакилларига нисбатан кичик ёшдаги авлод вакиллари 73 фоиз вақтини ижтимоий тармоқларга сарфлаши аниқланди.
Марказ ўз фаолиятини шу ёшдаги рақамли авлод вакиллари билан тизимли ишлашга қаратиб, бу бўйича алоҳида тарғиботнинг замонавий технологиялари жорий этилаяпти. Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентдаги медиа маҳсулотлар кенг тарғиб қилинишига эътибор қаратилмоқда.
Марказ ҳамда Миллий гвардия ўртасида маънавий-маърифий ишларни кучайтириш, 2000 нафар психологни ўқитиш, ёшларда ахлоқий фазилатларни шакллантиришга оид чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми ҳамда қўшма қарор тасдиқланди.
Ҳафтанинг ҳар жума куни вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудий ҳокимликлар учун “Сиёсий-маърифат соати” йўлга қўйилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда 14 та ҳудуддаги 14 минг 200 нафар маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари учун семинар-тренинглар ўтказилди.
Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, маънавий ва ватанпарварлик тарбиясини ошириш бўйича давлат ва нодавлат олий ва профессионал таълим, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбарлари учун 5 кунлик ўқув-сeминари ўтказилди.
Яна бир янгилик. Мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар учун ойма-ой ўтказиладиган тадбирларнинг йиллик тақвим режаси ишлаб чиқилди.
Соҳа ривожида халқаро илғор амалиётларни ўрганиш муҳим саналади. Шуни инобатга олиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази делегациясининг Японияга хизмат сафари ташкиллаштирилди ва илмий сафар бўйича мамлакатимизда ахлоқий тарбия ва маънавий тараққиётни таъминлаш борасида таклифлар, лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Сурхондарё вилоятида тажриба-синов асосида “Маънавият сектори” ташкил этилди. Бу борада Термиз шаҳрида “Маънавият сектори” фаолиятини ташкил этиш бўйича республика илмий-амалий семинари ўтказилди.
Ҳудудларда “Маънавий ҳимоя” лойиҳаси жорий этилиб, “қизил” тоифага тушган маҳаллалар ва ижтимоий-маънавий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш тизими яратилди.
Пойтахтимизнинг Олмазор туманида миграция динамикаси сўнгги пайтларда сезиларли ортиб кетганлиги, шунингдек, туманнинг қатор маҳаллаларида ижтимоий-маънавий муҳит оғирлиги сабабли “қизил” тоифага киритилган маҳаллаларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини соғломлаштириш мақсадида долзарб 60 кунга мўлжалланган “йўл харита” си ишлаб чиқилди.
“Ҳаж” зиёратида иштирок этиб қайтган 15 минг нафар ўзбекистонлик ҳожилар билан биргаликда ёшлар тарбиясида Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, шукроналик, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, муқаддас Ислом динининг инсонпарварлик ғоялари ҳамда миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга қаратилган маънавий-маърифий тарғибот тадбирларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
Маънавият соҳаси вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириб бориш ҳар жиҳатдан муҳим. Шундан келиб чиқиб, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги ёзги оромгоҳда Марказнинг 170 нафар ҳудудий бўлим ва бўлинма раҳбарлари учун республика ўқув-семинари ўтказилди.
Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги олдидан мамлакатимиз бўйлаб “Маънавият фестивали” тадбирларини кўтаринки руҳда ташкил этиш бўйича режа-жадвал тасдиқланди ва тадбирларга санъат ва маданият соҳаси вакиллари, олимлар, зиёлилар, шоир-ёзувчилар, кино актёрлар ва нуроний ҳожилар жалб этилди.
Шунингдек, “Туркистон” санъат саройида 6 мингдан зиёд ҳарбийлар ва ёшлар иштирокида “Ватан манзумаси” номли адабий-маърифий кеча ташкил этилди.
“Маданият ва маърифат” ва “Ўзбекистон тарихи” телеканаллари орқали маънавий-маърифий тарғиботларни кенгайтириш, телеканаллар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова,
ЎзА