Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш 8,4 фоизга ошди
Энергетика соҳасининг барқарор ривожланиши иқтисодиёт тармоқлари фаолияти ва аҳоли эҳтиёжларини узлуксиз таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Электр энергиясига бўлган талаб ортиб бораётган шароитда уни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва истеъмолчиларни электр энергияси билан ишончли таъминлаш муҳим талаблардан биридир.
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати етакчи мутахассиси Обиджон Дилмуродов мазкур йўналишдаги ишлар, хусусан, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол, экспорт ва импорт кўрсаткичлари ҳамда йил якунига қадар белгиланган режалар ҳақида маълумот берди:
–Жорий йилнинг дастлабки 9 ойида Ўзбекистонда жами 69,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 миллиард киловатт-соат ёки 8,4 фоизлик ўсишни англатади.
Хусусан, иссиқлик электр станцияларида 49,1 миллиард киловатт-соат, йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларида 10,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўринда яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаш лозим: йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларида 2025 йил давомида жами 10,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойидаёқ ушбу натижа такрорланди.
Гидроэлектр станцияларида эса 6,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. 2025 йилда мамлакатимиз гидроэлектр станцияларида жами 6,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди. Демак, бу йўналишда ҳам жорий йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилнинг тўлиқ йиллик натижасидан юқори кўрсаткич қайд этилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида кичик қувватли қуёш станциялари орқали 2,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. 2025 йилда эса бу кўрсаткич 2 миллиард киловатт-соатга тенг бўлган. Шундай қилиб, жорий йилнинг тўққиз ойидаёқ ўтган йилги тўлиқ йиллик натижадан 500 миллион киловатт-соат ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилди. Блок-станциялар ҳиссасига эса 867,1 миллион киловатт-соат электр энергияси тўғри келди.
Мазкур натижалар мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб бораётганини, айниқса, қуёш ва шамол энергетикасининг умумий ишлаб чиқаришдаги аҳамияти тобора ортаётганини кўрсатади.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида республика бўйича электр энергияси истеъмоли 68,1 миллиард киловатт-соатни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 4,1 миллиард киловатт-соат ёки 6,3 фоизга юқори.
Истеъмолнинг ўсиши иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжларини электр энергияси билан таъминлаш масаласининг долзарблигини янада оширади. Шу боис электр энергиясини ишлаб чиқариш билан бир қаторда, уни истеъмолчиларга барқарор етказиб бериш ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Ушбу даврда истеъмолчиларга жами 53 миллиард киловатт-соат электр энергияси етказиб берилди. Шундан 39 миллиард киловатт-соати улгуржи истеъмолчилар, 14 миллиард киловатт-соати эса аҳоли ҳиссасига тўғри келди.
Улгуржи истеъмолчилар кесимида қаралганда, саноат корхоналари 20,6 миллиард киловатт-соат, қишлоқ хўжалиги 5,6 миллиард киловатт-соат, бошқа истеъмолчилар эса 12,8 миллиард киловатт-соат электр энергиясидан фойдаланди.
Электр энергияси экспорти ва импорти кўрсаткичларида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 3,4 миллиард киловатт-соат электр энергияси экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 591,6 миллион киловатт-соат ёки 21,4 фоизлик ўсиш демакдир.
Шу билан бирга, электр энергияси импорти 1,9 миллиард киловатт-соатни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 720,4 миллион киловатт-соат ёки 27,2 фоизга кам.
Йил якунига қадар белгиланган режаларга кўра, жорий йилда мамлакатимизда жами 94,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 7,7 миллиард киловатт-соат ёки 8,8 фоизга ортиқ.
Шунингдек, йил якунига қадар республикада электр энергияси истеъмоли 92,2 миллиард киловатт-соатга етиши кутиляпти. Бу ўтган йилги натижага нисбатан 5,7 миллиард киловатт-соат ёки 6,6 фоизлик ўсишни ташкил этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йил якунига қадар электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш ҳажмини янада ошириш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш энергетика соҳасининг асосий йўналишларидан бўлиб қолади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА