Халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда
Навоий вилояти Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев Хитойнинг “Fujian Xinwancheng Investment” МЧЖ хорижий корхонаси раҳбари Ҳуанг Биао билан учрашди.
Мулоқот давомида Нурота туманида гранитни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, айни пайтда лойиҳа доирасида корхонага ажратилган кон майдонида олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.
Лойиҳа доирасида келгусида гранит хомашёсини қазиб олиш, чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа орқали янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий хомашёни тайёр маҳсулотга айлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири