Мамлакатимизда базальт саноати истиқболлари қандай?
Ўзбекистонда саноатнинг янги йўналишларини ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Куни кеча Жиззах вилоятида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган базальт саноати истиқболларига бағишланган халқаро конференция ҳамда пресс-турда шу ҳақда сўз борди
Анжуманда давлат идоралари, олимлар, тадбиркорлар ҳамда хорижий экспертлар иштирок этди.
Дастлаб иштирокчиларга базальт асосида маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари ҳамда кластер имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Компания йилига 177 минг тонна базальт тошидан махсус тола тайёрлаб, унинг асосида 42 турдаги инновацион маҳсулот ишлаб чиқармоқда.

Эътиборлиси шундаки, бу маҳсулотларнинг 80 фоизи АҚШ, Англия, Польша, Италия, Чехия, Грузия, Россия, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда минерал тола ишлаб чиқариш учун 345,9 миллион тонна хомашё захирасига эга 17 та базальт кони аниқланган. Уларнинг 82 фоизи ўзлаштиришга берилган бўлса, қолганлари бўйича ишлар давом этмоқда. Жумладан, Жиззах (30,3 млн. тн), Қорақалпоғистон (2,2 млн тн), Навоий (2,6 млн. тн), Наманган (310,6 млн. тн) ва Самарқанд (0,2 млн. тн) вилоятларидаги конлар энг йирик манбалардан ҳисобланади.
Форум доирасида базальт асосидаги қурилиш материалларининг истиқболлари муҳокама қилинди. Маҳсулот сифатини ошириш, лаборатория синовлари ва сертификатлаш, логистика масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, жаҳон стандартлари, илғор технология ва замонавий ускуналар тақдим этилди.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметовнинг таъкидлашича, конференциянинг асосий мақсади базальт саноатини ривожлантириш, янги технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдир.

- Мамлакатимизда аниқланган 17 та базальт конининг захираси катта имконият яратади. Жумладан, Наманган вилоятидаги йирик кон 310 миллион тоннага яқин захирага эга бўлиб, бу нафақат қурилиш, балки автомобилсозлик, химия ва энергетика соҳалари учун ҳам муҳим манба ҳисобланади.
Келгусида фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини кучайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда экспорт географиясини янада кенгайтириш режалаштирилган.
Олимлар томонидан базальт маҳсулотларининг физик-механик хусусиятларини янада кучайтириш бўйича берилган таклифлар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Шу орқали фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти яна бир бор тасдиқланди.

Анжуманда йирик буюртмачилар, қурилиш компаниялари, лойиҳалаш институтлари ҳамда маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар иштирок этди. Улар учун форум фойдали маълумотлар, самарали битимлар ва қимматли мулоқотларга бой кечди, -деди Ж.Шерметов.
Тадбир доирасида ОАВ ва жамоатчилик учун пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар ва олимлар базальтдан қурилиш материаллари тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишди.
Хулоса қилиб айтганда, Жиззахда бўлиб ўтган халқаро форум нафақат базальт саноатини ривожлантириш, балки Ўзбекистоннинг инновацион қурилиш материаллари соҳасидаги улкан салоҳиятини ҳам намоён этди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА