Мамлакат имижини «ёлғон»га қуриб бўлмайди
Бугун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида «Ўзбекистон халқаро медиа имижининг когнитив аспектлари: назария ва амалиёт» мавзусидаги халқаро илмий-амалий онлайн конференция бўлиб ўтди.
Унда университет профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари билан бирга жаҳонинг турли нуқталаридан мутахассислар онлайн тарзда боғланиб иштирок этдилар. АҚШ, Туркия, Озарбайжон, Бангладеш, Қозоғистон олимлари имиж ҳақида, унинг моҳияти, яратилиши ва аҳамияти борасида фикр алмашдилар.


Эсимда, 2016 йил 7 декабрда “BBC” ўзбек хизмати томонидан «Лондонда Ўзбекистонни билишадими?” номли журналист Ибрат Сафонинг репортажи берилди. Унда мухбир Лондон кўчаларида Ўзбекистон ҳақида суриштиргани, аксарият респондентлар мамлакатимиз ҳақида эшитмагани, уни Афғонистон ёки Покистон деб билиши, у ерда уруш, терроризм борлиги ва айримлари тоғлар, ранг-баранг маданият ва яхши одамлари бор деган умумий фикр билдирганларини кузатдим. Ўшанда хафа бўлиб кетган эдим. Кейинроқ бу анъана Австралияда, Корея, Ҳиндистон кўчаларида ўтказилди. Кейинги репортажларда биз ҳақимизда кўпроқ кишилар била бошлаганини кўрдим.
Ўзбекистон бугун таниляпти, лекин бу етарли эмас, бизни тан олишлари, ишонишлари, қизиқишлари ва ташриф буюришлари учун кўп ишлар қилиниши керак. Имижни «ёлғон»га қуриб бўлмайди. Давлат бошқарув органларининг очиқлиги, қонун устуворлиги, одамлар фаровонлиги, шунингдек, туризм салоҳияти, санъат ва маданиятимиз тарғиботи – буларнинг бари мамлакатимиз имижига бевосита дахлдор.


«Имиж - бу аччиқ ҳақиқат! У - кўзгуда кўраётган аксингиздир. У сизнинг соянгиз. Унинг ўзгариши учун сиз ўзгаришингиз керак, - дейди «Америка овози» журналисти Навбаҳор Имамова.
Конференция иштирокчилари имиж яратишнинг турли жиҳатлари ҳақида фикр юритар эканлар, бари мамлакатимиз мавқеи ва обрўси учун айтилди. Очиқ ва рўйи-рост гапиришга ўрганяпмизми, демак, ижобий таассурот уйғотишга тайёрмиз. Имиж шундан бошланади.

Нозимжон Мардонов, ЎзА