Маълумотнома сўраш амалиёти тарихга айланади
Чунки энди қоғоздаги ҳужжатлар эмас, электрон тизимларда рақамлашган ҳужжатлар ҳаракатланади.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан фуқаролардан турли маълумотномалар сўраш амалиётига чек қўйилмоқда.
– Фармон билан 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳоли, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларидан турли маълумотнома сўраш бекор қилинмоқда, – дейди Давлат хизматлари агентлиги директорининг ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев. – Булар турли диспансерлар ҳисобида туриш ёки турмаслик ҳақидаги, судланганлик, манзил-маълумот ахбороти, солиқ қарзи, никоҳ ҳақидаги ва бошқалардир.
Давлат хизматлари агентлиги томонидан олиб борилган таҳлилларга кўра, 2020 йилда аҳоли юқоридаги турдаги маълумотнома-ҳужжатларни олиш учун турли идораларга 1,5 миллиондан ортиқ мурожаат қилган. Мазкур ҳужжатларни олиш бўйича белгиланган тўловларни олиш бўйича эса қарийб 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.
Янги тартиб асосида зарур маълумотлар “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали аниқланади.
Турли маълумотнома (справкалар) давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳолидан талаб қилиниши давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш, деб ҳисобланади.
2021 йил 1 июндан бошлаб фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади.
Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олинади.
Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади.
Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхона ходимини аккредитация қилишда унда одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти ҳам бекор қилинади.
Давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган тақдирда) соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади.
Давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Бунда, ушбу ҳужжатлар электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади.
Аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида уларнинг ихтиёрига асосан 28 турдаги давлат хизмати натижалари почта алоқаси орқали етказиб берилиши йўлга қўйилмоқда.
Фармон билан 2021 йил 1 июндан бошлаб 16 ёшга тўлган шахсларга идентификация ID-карталари бериш уларни давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш ҳамда фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.
2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда амалга оширишга ўтилади.
Бунда, солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бекор қилинади. Бу билан, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланади.
Мазкур янги тартиб асосида жисмоний шахслар томонидан алоҳида-алоҳида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш ҳамда фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича мурожаат қилишнинг олди олинади.
2020 йилда мазкур икки хизматдан фойдаланиш бўйича фуқаролар 800 мингга яқин мурожаат қилган.
Давлат хизматларини электронлаштириш, улардан рақамли форматда тезкор тарзда фойдаланишга йўл очади.
2021 йил 1 июндан бошлаб Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни (нодавлат нотижорат ташкилотлари, банклар ва кредит бюроларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланади. Давлат органлари ва ташкилотлари, юридик шахслар бирлашмалари, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади. Шу вақтга қадар ушбу ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби мавжуд эмас эди ёки бу жараён электронлаштирилмаганди.
ФҲДЁ соҳасида тезкор маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади. Фармон билан ички ишлар, мудофаа, ташқи ишлар, соғлиқни сақлаш, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат персоналлаштириш маркази ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 2021 йил 1 майга қадар ўзларининг ахборот тизимларини “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига интеграция қилишни таъминлайди ва маълумотлар фақат электрон алмашинув асосида йўлга қўйилади.
Фармонда талаба-ўқувчилар учун енгилликлар ҳам назарда тутилган. Яъни, таълим муассасалари томонидан ўқувчи-талабалар таълим муассасасини тугатганда ёки кўчирганда таълим муассасаси ичида турли мажбуриятлар бажарилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни ички идоралараро электрон ҳамкорлик ёки ўзаро ахборот алмашинуви йўли билан олиш эвазига ўқувчи-талабалардан талаб қилиш бекор қилинади.
Шу вақтга қадар давлат хизматларини кўрсатишда “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида амалга оширилган бўлса, эндиликда Президентимизнинг мазкур фармони асосида давлат хизматларини кўрсатиш “Ҳужжатлар эмас, рақамлар ҳаракатланади” тамойили асосида бажаришга ўтилади.
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА