Малайзия университети билан меморандум имзоланади
Малайзия Халқаро ислом университети 1983 йил 23 майда ислом тамойиллари асосида ташкил этилган. 1987 йилдан бери университет дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан 70 минг нафардан ортиқ битирувчини тайёрлади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси жамоаси ва Малайзиянинг Халқаро ислом университети Бошқарув кенгаши аъзоси Доктор Сед Ҳуссейн бошчилигидаги делегацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот жараёнида бўлажак ҳамкорларга Жамғарма фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берилди. Жамғарма стипендиатлари ушбу университетда таълим олишини таъминлаш ва давлат хизматчилари учун стажировка дастури масаласи батафсил муҳокама қилинди.
Хусусан, ушбу стажировка дастурида барча вазирлик, идораларнинг ходимлари иштирок этиши мумкинлиги тўғрисида тўлиқ маълумот берилди.
Суҳбат давомида университет ва Жамғарма ҳамкорлигида ўзбек ёшлари учун малака ошириш курслари ташкил этишга келишилди.
Шунингдек, Жамғарма мутасаддилари томонидан ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишга топшириш харажатларини бепул қилиш ва ҳар бир Жамғарма стипендиатларининг “tution fee” харажатларидан чегирмалар ажратиш таклиф қилинди.
Университет вакиллари ҳам чегирмалар юзасидан келишув асосида ўз таклифларини билдиришини маълум қилди. Яқин кунлар ичида ўзбекистонлик талабалар ва мактаб битирувчилари учун бутун республикамиз бўйлаб университет масъуллари билан биргаликда онлайн вебинарлар ташкил этилиши режалаштирилди.
Учрашув сўнгида стипендиатларни ушбу университетда таълим олишини йўлга қўйиш ва кўплаб ижобий масалаларни ўз ичига олган ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА