Малакали ёш кадрлар барча соҳага керак
Пойтахтимизда ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитасининг “Ёшлар қаноти” томонидан навбатдаги ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, партия ёшлар парламенти аъзолари ҳамда фаол ёшлар иштирок этган тадбирда соҳада ёш кадрларни танлаб олиш ва соҳадаги коррупцион ҳолатларга барҳам бериш масаласи муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Ёшлар куни муносабати билан 30 июнь куни ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсатимизни қатъий давом эттиришимиз, хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқиётган кўплаб иқтидорли, юксак билим ва малакага эга бўлган ёшларимизнинг ватанимизга келиб ишлаши учун шароит яратиб бериш ҳамда уларни раҳбарлик лавозимларига асосий номзод сифатида белгилаш, уларга уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янгича тизим яратилиши зарурлигини белгилаб берган эди.
Шунингдек, бунинг учун, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлаш, жорий йилдан бошлаб, бундай иқтидорли ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўташи ҳамда республикамизда ишлаётган, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланиши алоҳида қайд этилган эди.
Шунга кўра, ҳар бир вилоят ҳокими ва вазир йил бошида ўз ҳудуди ва тизимига ана шундай ёш мутахассисларни ишга олиб келиш режасини тасдиқлаши ҳамда уларга бериладиган иш ҳақи, уй-жой ва рағбатлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиниши кўзда тутилган.
Тадбир иштирокчилари томонидан ёш кадрларга бўлган юксак эътиборнинг Ватан тарққиётида жуда муҳим аҳамиятга эга эканлиги, юқори салоҳиятга эга кадрларни жой-жойига қўйиш масаласи иқтисодий юксалишимиз учун бугунги кунда зарурлиги таъкидланди.
Ёш кадрлар захирасининг яратилишига юқори даражада эътибор берилиши ва бу давлат сиёсати даражасига кўтарилиши ёшларнинг келажакка бўлган ишончини орттириши ҳамда уларга катта масъулият юклаши қайд этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА