Мактуб йўлланди
Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо қилган қаҳрамонлар борки, уларнинг номи вақт ўтиши билан ҳам халқ хотирасидан ўчмайди.
Улар қолдирган жасорат, садоқат ва фидойилик излари юракларда абадий муҳрланиб қолади. Ана шундай жасур ўғлонлардан бири — Ватан учун жонини аямаган, мардликни ҳаёти билан исботлаган Ҳусниддин Суяров эди.
1989 йил 6 июлда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган Ҳусниддин Суяров Шарқий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Самарқанд сержантлар тайёрлаш мактабини аъло ва яхши баҳолар билан тамомлаган. У Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тезкор ҳаракатланувчи гуруҳи шахсий таркибида хизмат қилиб, юртимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида сидқидилдан меҳнат қилди.

Айниқса, Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида жойлашган Сардоба сув омбори билан боғлиқ техноген ҳалокат пайтида юзага келган улкан хавфни бартараф этиш жараёнида Ҳусниддин Суяров юзлаб, минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун фидойиларча ҳаракат қилди. Ана шу жасорати уни қаҳрамонлар сафидан жой олишига сабаб бўлди. Афсуски, сержант Ҳусниддин Суяров хизмат вазифасини бажариш асносида қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

У вафотидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлигининг “Намунали хизматлари учун” I даражали кўкрак нишони билан тақдирланди.
Қаҳрамоннинг ортида онаизорнинг аламли кўз ёшлари, 25 ёшида икки нафар фарзанди билан бева қолган турмуш ўртоғининг оғир тақдири қолди. Ўша пайтда тўнғич қизи 4 ёшда, кенжаси эса 2 ёшда эди. Айниқса, болажонларнинг “Дадажонимни соғиндим” деган сўзлари ҳар қандай инсон қалбини ларзага солмай қолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Гулистон давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Ҳожиев Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган Ҳусниддин Суяровнинг фарзандларига самимий мактуб йўллади.

Мазкур мактубда ректор болажонларга мурожаат қилиб, қуйидагиларни таъкидлаган:
— Қадрли қизларим, сизлар ҳеч қачон ёлғиз эмассиз. Сиз билан бирга бутун халқимиз, давлатимиз ва биз — зиёлилар ҳамиша ёнингиздамиз. Отангиз қолдирган ёруғ из ҳар бир ютуғингизда, ҳар бир эзгу қадамларингизда давом этади. Бутун Гулистон давлат университети жамоаси номидан айта оламанки, сиз бизнинг ҳам оиламиз аъзосисиз. Ўн беш мингга яқин талабаларимиз сизларга ака-опа, минг нафарга яқин ходимларимиз эса яқин инсонлардир. Келгусида яхши таълим олиб, университетимизда давлат грантлари асосида таҳсил олишингизга, Президент ва номдор стипендиялар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти каби улкан марраларга эришишингизга чин дилдан тилакдошман.

Мактуб ва “Ректор совғаси” болажонларга Гулистон давлат университети Ёшлар етакчиси Ёрқинжон Ҳайитбоев томонидан топширилди. Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари иштирок этиб, ушбу инсонпарвар ташаббусни юксак баҳоладилар.
– Мен шундай жасур инсоннинг турмуш ўртоғи бўлганимдан фахрланаман, – дейди Ҳусниддин Суяровнинг беваси Нозима Суярова.
– Турмуш қуришдан олдин ҳарбий ҳаёти оғир бўлишини айтишган эди, аммо бу даражада оғир бўлади деб ўйламаган эканман. Қийинчиликлар ўтиб кетар, аммо қалбдаги яра осон битмайди. Қизларимни оталари каби Ватанга садоқатли, юртига хизмат қиладиган инсонлар бўлиб етишиши, билимли ва оилапарвар инсон бўлиши учун ҳаракат қиляпман. Энг муҳими, бу эътибор нафақат фарзандларимни, балки мени ва барча яқинларимни ҳам руҳлантирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири