Мактабларимиз янги лойиҳаларга тайёрми? Бу ҳақда вазир ўз фикрини билдирди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2 март куни халқ таълими тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Мазкур учрашувда халқ таълими тизимига оид бир неча йўналишларда мавжуд камчиликлар ва уларнинг ечимлари, тизимдаги ўқитувчиларнинг билим ва малакасини ошириш масалалари муҳокама этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2 март куни халқ таълими тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Мазкур учрашувда халқ таълими тизимига оид бир неча йўналишларда мавжуд камчиликлар ва уларнинг ечимлари, тизимдаги ўқитувчиларнинг билим ва малакасини ошириш масалалари муҳокама этилди.
Бу борада эришилган натижалар, келгусидаги режалар хусусида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
– 2019 йилнинг 26 ноябрь куни “Замонавий мактаблар”ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган эди, – деди Ш.Шерматов. – Унда “Замонавий мактаб”ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилган.
2 март куни бўлиб ўтган йиғилишда Халқ таълими вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан 1320, 1056, 990, 660, 330, 528 ва 264 ўринли замонавий мактаб лойиҳалари давлатимиз раҳбарига тақдим этилди.
Президентимиз мазкур мактаб лойиҳаларини кўриб чиқиб, уларни янада такомиллаштириш бўйича ўз тавсияларини берди. Ҳозирда лойиҳалар берилган таклифлар асосида қайта тайёрланмоқда.
Айтиб ўтилганидек, ҳозирги кунда 9 минг 942 мактабнинг 2 минг 835 таси таъмирталаб, 5 минг 861 тасида ўқувчилар сони сиғимига нисбатан кўплиги сабабли дарслар 2 сменада ўтилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, охирги йилларда мамлакатимизда қурилган энг катта мактаблар қуввати 700 ўринга мўлжалланган. Аҳолининг ўсиш суръатини ҳисобга олсак, янада каттароқ мактаблар қуриш эҳтиёжи юзага келади.
Йиғилишда муҳокама этилган иккинчи масала бу мактабларда STEAM (Science – фан, Technology – технология, Engineering – муҳандислик, Art – санъат, Math – математика) таълимини ривожлантириш бўлди.
STEAM ўқувчилар тафаккурини ривожлантириш ҳамда уларни фан, технология, муҳандислик, математика ва санъат каби фанлардан олган билимларини самарали қўллашга ўргатади. Шу билан бирга, STEAM таълими мураккаб ўқув лойиҳаларини амалга оширишда фанларни ўзаро уйғунликда ўрганиш имконини беради.
STEAM йўналишини татбиқ этиш орқали ўқувчиларни танқидий фикрлаш, қийин муаммоларни ноанъанавий йўллар билан ечиш ва жамоада ишлашга ўргатамиз.
Лекин савол туғилади. Бугун мактаблар ўзгаришларга, янги лойиҳаларга тайёрми? Ҳозирда мактабларнинг 683 та физика, 897 та кимё, 901 та биология хонасида ўқув лаборатория хоналари йўқ. 7 минг 807 та физика, 7 минг 776 та кимё ва 7 минг 770 та биология хонасининг жиҳозлари эскирган. 62 мингта синфхонаси замонавий ва янги ўқув жиҳозлари билан таъминланмаган, 7 мингта компьютер етишмайди.
Дарс жараёнларида бу ўқув лабораторияларидан фойдаланиш масаласи ҳам оқсаяпти. Яъни мактабларда бор имкониятдан ҳам фойдаланилмаяпти.
Давлатимиз раҳбари мактаблардаги лаборатория хоналарини замонавий жиҳозлаш ва улардаги дарслар кўламини ошириш бўйича вазифаларни белгилаб берди.
Жумладан, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига амалдаги жиҳозлаш ҳолатини танқидий ўрганиш, мактабларни замонавий лаборатория, компьютер техникаси, спорт анжомлари ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозлаш бўйича топшириқ берилди.
Мактаб инфратузилмаси катта маблағ ва вақт талаб қилади. Шу боис мактаблардаги шароитлар босқичма-босқич яхшилаб борилади. Аммо инфратузилмани яхшилаган билан таълим сифатини таъминлаш бирмунча мушкул вазифа. Таълим сифатига замонавий таълим дастурлари, билимли ва малакали ўқитувчилар орқали эришилади. Бугун замонавий ва билимли ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш шарт.
Ўқитувчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган Президентимизнинг жорий йил 27 февралда “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри, Яшнобод туманига ташрифи давомида туман ҳудудида янги нодавлат олий таълим муассасаси шаклида педагогика йўналишидаги халқаро университет ташкил этилиш таклифини илгари сурди.
Tashkent International University of Education таълим муассасасини ташкил этиш бўйича Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва муҳокамага
қўйилди. Олий ўқув юрти The Times Higher Education World University Rankings рейтингидаги дунёнинг 1000 таликка кирувчи хорижий олий таълим муассасалари дастурлари асосида тегишли йўналишлар бўйича мутахассисларни тайёрлайди ва қайта тайёрлайди.
Шу билан бирга педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимини жорий этиш ҳақида ҳам амалий чоралар кўрилаяпти. Мазкур тизим ўқитувчиларни ўз устида ишлашга ва ўқувчиларга яхши билим беришга ундайди.
Йиғилишда мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Халқ таълими вазирлиги томонидан янги ўқув йили учун таянч ўқув режаси ишлаб чиқилгани ва ўқувчилар учун ўқув юкламалари қисқартирилганлиги бўйича маълумот берилди. Мисол учун, она тили ва адабиёт фанларида ўқитиладиган мавзулар мутахассис олимлар тавсиялари асосида соддалаштирилди.
Давлат раҳбари мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни қўллаб-қувватлаган ҳолда бошланғич синфларда мусиқа, тасвирий санъат ва жисмоний тарбия машғулотларига янги мазмун бериш муҳимлигини таъкидлади.
Халқ таълими вазирлиги мазкур йўналишларда ислоҳотларни давом эттирган ҳолда мактаб таълимига замонавий ўқув дастурлари ва улар асосида дарсликлар ҳамда ўқув методикаларини жорий этиб боради. Энг аввало, ватанимиз келажаги билимли ёшларга боғлиқ эканини инобатга олиб, асосий эътиборни таълим сифатини оширишга қаратади.