Мактабларга спорт инвентарлари топширилди
Жиззах вилояти солиқ бошқармаси томонидан Шароф Рашидов ҳамда Зомин туманларининг 4-сектор ҳудудидаги умумий ўрта таълим мактабларига спорт инвентарлари топширди.
Мамлакатимизда аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшлар орасида жисмоний маданиятни шакллантириш ва юртдошларимизнинг саломатлик даражасини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Айни кунда секторлар кесимида қишлоқ ва маҳаллалар ёшлари ўртасида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат-шашка, стол тенниси, баскетбол турлари бўйича мусобақаларга тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов бошчилигида 4-сектор ҳудудида жойлашган Шароф Рашидов туманидаги “Нонисангил” ҳамда Зомин туманидаги “Туркман” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшларига спорт инвентарлари етказиб берилди.

– Эндиликда ёшларимиз ушбу инвентарлардан фойдаланиб, ҳудудлардаги маҳаллалар ўртасида ташкил этиладиган сектор мусобақаларига пухта тайёргарлик кўрадилари, деган умиддамиз, – дейди Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов. – Шунингдек, сектор масъуллари томонидан аниқланган рўйхатга асосан ўқув муассасаларига янги стол тенниси анжомлари ҳам етказиб беришни режалаштирганмиз.

Бундан ташқари, сектор раҳбари маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашиб, мулоқотда бўлди. Ҳудудда юзага келган муаммоларни аниқлаб, босқичма-босқич ҳал этиш чоралари кўриш бўйича мутасаддилар зиммасига аниқ вазифалар белгилаб берилди ва уларнинг ижросини ўз назоратига олишини таъкидлади.

Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи вилоятнинг 4-сектор ҳудудида жойлашган бошқа умумтаълим мактабларида спорт инрвентарлари билан таъминланишини ўрганишни режалаштирган.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА