Мактабларга кўмаклашаётган Миллий гвардия
Мамлакатимизда таълим ислоҳотларига давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Аммо ечимини кутаётган муаммолар ҳам учрайди. Хусусан, тарбия ва маънавият масаласи ҳамиша долзарб бўлиб келган.
Мактабларимизда ўқувчиларнинг билим ва тарбия топиши йўлида амалга оширилаётган муҳим ишлар ва баъзи ислоҳотларни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари хусусида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети иқтисодиёт фанлари доктори, профессори Бобур Валиевнинг фикрларига қизиқдик.
– Аввало, мактабларимизда оғриқли масалалардан бири, бу – тарбия ва маънавият масаласидир, – дея ўз фикрини бошлайди Бобур Валиев. – Ўтган йили мамлакатимизда вояга етмаганлар 3,5 мингта жиноят содир этган. Улардан 2 минг 280 нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилган. Бунинг учун фақат мактаб директори ёки ўқитувчилар жавобгар эмас албатта. Шу боис мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши белгиланди.
Инспектор-психологлар ва маҳалла раислари ота-оналар ҳамда дарс қолдираётган ўқувчилар билан суҳбатлар олиб бормоқда. Бунда болалар ва ўқитувчиларга ҳеч қандай босим ўтказилмайди. Давоматни назорат қилиш педагогларни ўқувчиларнинг уйига бориш ва уларни ўқишга жалб қилиш каби ортиқча юк ва масъулиятдан озод қилади. Болаларга бошланғич мактаб таълими зарур ва муҳимлиги юзасидан ота-оналарга тушунтириш ишлари олиб борилади.
Аммо, афсуски, ижтимоий тармоқларда Миллий гвардия ходимларининг мактабларда ижтимоий муҳитни соғломлаштириш орқали жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб бораётган ҳаракатларини нотўғри талқин қилаётганлар ҳам учрамоқда.
Миллий гвардия педагогик соҳадаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича мактаб ва ўқитувчиларга давомат ҳамда ўқувчи-ёшлар ўртасида тартибни сақлашга кўмаклашаётгани жамиятимиз учун нақадар муҳим эканини наҳотки тўғри тушуниш қийин?!
Миллий гвардия ходимлари педагогларга кўмаклашиш мақсадида болалар ва ота-оналар билан мақсадли, шу жумладан, психологик иш олиб боришга киришмоқда.
Бундан мақсад, "Оила – маҳалла – мактаб“ занжиридаги барча бўғинларнинг саъй-ҳаракатини бирлаштириб, болаларнинг ривожланиши ва тарбиясига ҳисса қўшадиган тадбирлар – от спорти, камондан отиш, психологларнинг маҳорат сабоқлари, ҳарбий техника кўргазмалари ва бошқа самарали тадбирларни ташкил этишдан иборат.
Президентимиз жорий йил 1 февраль куни 21 моддадан иборат «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу эса азиз устозлар, ўқитувчиларнинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати, ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида эканини яна бир бор исботлади.
Қонунга кўра, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш, касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ва бошқа маълумотларни, жумладан, битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантириш ва тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.
Янги қонунга кўра педагог ходимлар касбий фаолиятини амалга ошириш давомида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божидан озод қилинади.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчилари учун бепул автобусларни йўлга қўйиш, умумий ўрта таълим муассасаларини тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминлаш вазифалари ҳам белгиланган. Мамлакатимизда 700 га яқин номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, педагоглар учун методик қўлланмалар, мобиль иловалар яратилиши, янги авлод дарсликлари асосида планшетлар учун 1 000 та мультимедиа дастурларининг ишлаб чиқилиши, таълим ташкилотларига ҳар йили 500 нафар «тил эгалари» бўлган хорижий мутахассисларнинг жалб этилиши кутилмоқда.
Барча умумий ўрта таълим муассасаларида касб-ҳунарларга ўргатиш курсларини жорий этиш, Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг таълим методикасини умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув жараёнларига жорий қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, буларнинг барчаси юртимизда педагог ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мақомини ошириш, мактаб ўқувчилари ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш, ота-оналарнинг ўз фарзандларини мактабларда ўқитишдаги масъулиятини ошириш бўйича ислоҳотлар давомидир. Бу йўлдан ҳеч қандай мафкуравий хуружларга эътибор қилмай олға бориш эса шу жамиятнинг барча фуқаролари учун муҳимдир.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА