Мактабгача таълимдаги ўзгаришлар рақамларда акс этмоқда
Бола илк сўзларини айтиши, тенгдошлари билан дўстлашиши, атрофдаги оламни кашф этиши ва мустақил фикрлашни ўрганиши – буларнинг барчаси унинг ҳаётидаги муҳим босқичлардир. Бу жараёнда оила билан бир қаторда мактабгача таълим ташкилотлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Фарзандининг муносиб таълим-тарбия олиши, қобилиятларини намоён этиши ва мактабга тайёр бўлиб бориши ҳар бир ота-она учун муҳим.
Шу боис мамлакатимизда мактабгача таълим ташкилотларини кўпайтириш, болалар учун қулай шароит яратиш ва таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги ишлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам ўз аксини топган. Унда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, замонавий ёндашувларни жорий этиш, педагоглар малакасини ошириш ва болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган вазифалар белгиланган.
Тизимда амалга оширилаётган ишлар натижасини баҳолашда эса, аввало, боғчалар сони ва уларда тарбияланаётган болалар кўрсаткичларига эътибор қаратиш лозим.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига таянадиган бўлсак, 2026 йил 1 январь ҳолатида мамлакатимизда фаолият юритаётган мактабгача таълим ташкилотлари сони 39 минг 283 тага етган. Бу 2024 йилга нисбатан 1 минг 225 тага ёки 3,2 фоизга кўп демакдир. Мазкур рақамлар мактабгача таълим хизматлари тармоғи кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Бу рақамлар ортида ота-оналар учун муҳим бўлган амалий имкониятлар турибди. Мактабгача таълим ташкилотлари тармоғининг кенгайиши оилаларга фарзандини боғчага жойлаштириш учун кўпроқ муқобил вариантларни тақдим этиши, яшаш ҳудудига яқин муассасани танлаш имкониятини ошириши мумкин. Бола эса тенгдошлари билан мулоқот қилиш, жамоага мослашиш, мустақил ҳаракатланиш ва янги билимларни ўзлаштириш орқали мактаб ҳаётига тайёрланиб боради.
Ҳудудларда мактабгача таълим хизматларининг ривожланиши, аввало, боғчалар тармоғининг қай даражада шакллангани билан ҳам намоён бўлади. Айрим вилоятлар бу борада юқори кўрсаткичларни қайд этган.
Ҳудудлар кесимидаги кўрсаткичлар мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи мамлакатнинг турли минтақаларида кенгайиб бораётганини кўрсатади. Фаолият юритаётган боғчалар сони Қашқадарё вилоятида 4 458 та, Самарқандда 4 443 та, Фарғона вилоятида эса 4 341 та эканлиги қайд этилади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар сони 2 533,3 минг нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2024 йил якунига нисбатан 183,3 минг нафарга ёки 7,8 фоизга ошган.
Келтирилган статистик маълумотлар Ўзбекистонда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи кенгайиб, уларда тарбияланаётган болалар сони ортаётганини кўрсатади. 39 мингдан ортиқ ташкилот ва 2,5 миллиондан зиёд тарбияланувчи, бу – соҳанинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги кўлами тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Дарҳақиқат, мактабгача таълим тизимини ривожлантириш боғчалар сонини кўпайтириш ва болаларни таълим билан қамраб олиш билангина чекланмайди. Бу жараёнда кадрлар масаласи ҳам муҳим саналади. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ 2026 - 2027 ўқув йилидан бошлаб педагогика олий таълим ташкилотларида мактабгача ва бошланғич таълим йўналиши бўйича бакалаврларни тайёрлаш халқаро илғор тажрибаларга мос равишда такомиллаштирилган таълим дастурлари асосида амалга оширилади.
Замонавий билим ва кўникмаларга эга педагогларни тайёрлаш, таълим-тарбия сифатини ошириш ҳам бу жараённинг муҳим таркибий қисмидир. Зеро, болага яратилган шароит билан бир қаторда, унга таълим бераётган тарбиячининг салоҳияти ҳам унинг келажакдаги ривожланишига бевосита таъсир кўрсатади.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА