Мактабгача таълим ташкилотларида яшил ҳудудлар кўпаймоқда
Фарғона вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор мавсумида 9,6 миллион дона манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари экиш режалаштирилган. Айни кунда бу борадаги ишлар давом этмоқда. Ҳудудларда экилган кўчатларни бехато парваришлаш, уларни суғориш тизимларини тизимли йўлга қўйиш ва зараркунандалардан сақлаш ишлари ҳам эътиборда.
Табиатда яшил ҳудудлар кенгайса, яшил қалқонлар шакллантирилса, келажагимиз мустаҳкамланади. Бу борада, ёш авлодни табиатга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларга табиат билан инсон ўртасидаги чамбарчас боғлиқликни асослаш ва кўрсатиш муҳим аҳамиятга молик. Хусусан, вилоятдаги мактабгача таълим муассасаларида 300 мингдан ортиқ кўчат экиш ишлари амалга оширилмоқда. Турли акцияларнинг ташкил этилаётгани эса бу масканларда яшил маконларни кўпайтиришга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

Ёзёвон туманида 27 та давлат, 9 та давлат-хусусий шериклик мактабгача таълим муассасалари ва 79 та оилавий боғчалар фаолият кўрсатмоқда. Марказий Фарғона чўли ҳудудида жойлашган бу масканларда яшилликнинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳар бир мактабгача таълим муассасада кўчат экишга муҳим эътибор қаратиляпти. Ота-оналар, маҳалла фаоллари томонидан ҳам бу ишларга яқиндан ёрдам бериляпти.
– Президентимизнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ташаббуси айни дилимиздаги иш бўлди, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Хонзода Саримсоқова. – Тоза ҳавони, мусаффо табиатни ўзимиз яратамиз. Айниқса, болажонлар учун бу жуда ҳам керак.

Бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларида 20 мингга яқин турли кўчатларни экдик. Экобоғлар, гулзорлар ташкил этилди. Шу билан бирга бўш майдонларда қаламчалар парвариши йўлга қўйилди. Ҳар бир дарахтлар хатловдан ўтказилиб, рўйхатга олинди.
“Марказий Фарғона” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 24-давлат мактабгача таълим ташкилоти ўтган йилда қайта таъмирланиб, болажонларни ўз бағрига олди. “Яшил макон” доирасида 300 тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар экилди. Бу ерга қадам қўйган киши яшилликдан баҳраманд бўлади. Шунингдек, машғулотларда болаларга дарахтларнинг аҳамияти ҳақида дастлабки тушунчалар бериб борилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА