"Мактабдан – Спорт академиясигача": ирода, саломатлик, ғалаба
Спорт билан шуғулланадиган инсонларга ҳар доим ҳавас билан қаралади. Чунки ахборот технологиялари ривожланган ва ҳаётимизга сунъий интеллект чуқур кириб бораётган бугунги даврда инсон олдидаги энг муҳим ҳамда мураккаб вазифа нафсини жиловлай олишдир.
Бу ерда гап нафақат таомланиш маданияти, балки дангасаликни енгиш, ўзини ўзи тарбиялаш ва тана саломатлигини асраш ҳақида бормоқда. Ёшликдан спорт билан шуғулланганларда бу гўзал одатга айланиб, иродаси ғоят мустаҳкам бўлиб вояга етади. Юртимиз шарафини улуғловчи машҳур спортчилар, жаҳон чемпионлари етишиб чиқади.
Халқимизда бежизга «Соғ танда – соғлом ақл», дейилмаган. Саломатликни асраш ва мустаҳкам иродани шакллантиришда спортнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Мана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилиб, муҳим қарорлар қабул қилинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 ноябрдаги “Спорт соҳасини рақамлаштириш ва самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жисмоний тарбия ва спорт тармоғини тубдан ислоҳ қилиш, бошқарув тизимини соддалаштириш ҳамда шаффофликни таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Қарорга мувофиқ, соҳада ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали иқтидорли ёшларни саралаб олиш кўламини кенгайтириш кўзда тутилган.
Ислоҳотларнинг асосини «ERP sport» ягона электрон бошқарув тизими ташкил этади. Бу тизим спорт мусобақаларининг календарь режасини электрон юритиш, спортчиларнинг кўрсаткичлари, нормативларни бажариш жараёнлари ҳамда спорт таълим муассасалари фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришни таъминлайди.
Жумладан, 2027 йил 1 февралдан бошлаб Спорт вазирлиги тизимидаги муассасаларда пулли хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағларнинг электрон назорати ўрнатилиб, Марказий банкнинг «МУНИС» тизими орқали автоматик тақсимланиши белгиланди. Унга кўра, тушумларнинг 80 фоизи бевосита спорт-таълим муассасасига, 10 фоизи Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳамда қолган 10 фоизи «Рақамлаштириш ва сертификатлаш маркази» МЧЖга йўналтирилади. Шу билан бирга, спорт мусобақалари ғолибларига бериладиган диплом ва сертификатлар QR-код қўйилган ҳолда фақат электрон шаклда тақдим этилиши амалиётга киритилади.
Бошқарув тизимининг ҳудудий тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида ҳам қатор туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг спорт бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Бу лавозим эгалари жойларда аҳолини, айниқса, ёшларни оммавий спортга жалб қилиш, спорт инфратузилмаси етарли бўлмаган чекка ҳудудларда тўгараклар тармоғини кенгайтириш ҳамда «Президент Олимпиадаси» мусобақаларини юқори савияда ўтказишни таъминлашга масъул ҳисобланади. Бундан ташқари, спорт соҳасидаги республика олий спорт маҳорати мактаблари негизида Олимпия терма жамоалари маркази ташкил этилиб, унга миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш ва халқаро майдонларда юқори натижаларга эришиш вазифаси юклатилди.
Янги тизим доирасида интерактив хизматлар кўламини ошириш мақсадида «MySport» мобил иловасининг имкониятлари кенгайтирилди. Эндиликда спорт ташкилотларининг бино ва иншоотларини соатбай, кунбай ёки ойлик тарифлар асосида банд қилиш, ижарадан тушадиган маблағларни назорат қилиш ҳамда ташкилотлар рейтинглари билан танишиш имконияти яратилди. Шунингдек, давлат спорт-таълим муассасаларининг ижодий имтиҳон жараёнларини реал вақт режимида шаффоф ўтказиш, спорт соҳасида сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали давомат ва машғулот сифатини таҳлил қилиш йўлга қўйилади.
Ўқувчиларни спортга жалб этиш мақсадида умумтаълим муассасалари қошида спорт клублари ва тўгараклари тармоғи кенгайтирилиб, жисмоний тарбия фани ўқитувчилари фаолияти ривожлантирилади. Спорт мактабларини бириктирган ҳолда умумтаълим муассасаларида “мактабдан - Спорт академиясигача” ғоясига асосланган яккакураш ва жамоавий олимпия спорт турлари бўйича камида 1 тадан спорт тўгараклари йўлга қўйилади.
Қабул қилинган мазкур чора-тадбирлар жисмоний тарбия ва спортни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ҳамда соҳада шаффофликни кафолатлашга хизмат қилади. Муҳими, мактабдан бошланган бу саъй-ҳаракатлар ёшларда соғлом турмуш тарзини шакллантиради, иродасини тоблаб, келажакда спорт академиялари орқали катта ғалабаларга элтади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА