Дзюдо: Жаҳон чемпионатида қатнашадиган терма жамоаларнинг Тошкентга ташрифи бошланди
Жорий йилнинг 19-22 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон дзюдо федерациясида ушбу дунё биринчилигига кўрилаётган тайёргарлик, уни юқори савияда ташкил этиш, мезбон сифатида мусобақада муносиб тарзда қатнашиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

82 та мамлакатнинг 600 нафарга яқин маҳоратли дзюдочи ёшлари қатнашадиган мазкур нуфузли чемпионатни юқори савияда ўтказиш, унинг ташкилий ишларини маромига етказиш борасида Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамда дахлдор ташкилот мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари зарур ишларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов бошчилигида ўтган йиғилишда бундай нуфуздаги жаҳон чемпионатининг илк бор юртимизда ўтказилиши давлатимиз раҳбарининг спортни ривожлантиришга қаратаётган эътибори, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар самараси эканлиги таъкидланди.
Ўтган қисқа фурсатда юртимизда дзюдо бўйича катталар ўртасида жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар юқори савияда ўтказилди. Бироқ ёшлар ўртасидаги жаҳон биринчилиги илк бор ташкил этилаётганлиги билан эътиборлидир.
Муҳокамалар жараёнида барча йўналишларда олиб борилаётган тайёргарлик ишларини жадаллаштириш, меҳмонларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, машғулот залларини ҳозирлаш, спортчилар, мураббийлар, реферилар ҳамда транспорт хизмати каби масалалар юзасидан масъулларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари билан мулоқот чоғида мусобақанинг аҳамияти, ҳар бир беллашувнинг ўрни, спортчилар ва мураббийларнинг вазифалари, яратилган шарт-шароитларга муносиб бўлиш лозимлиги хусусида сўз борди.
Пойтахтимиз мезбонлигида ўтадиган ёшлар ўртасидаги ушбу жаҳон чемпионати бошланишига икки кун қолганда иштирокчи давлат вакилларининг, мусобақаларни бошқариб борадиган ҳакамлар, техник қўмита вакилларининг келиши давом этмоқда.

Бугун, 17 сентябрь куни Корея Республикаси ва Саудия Арабистони терма жамоаси аъзолари, Халқаро дзюдо федерацияси мутахассислари “Ислом Каримов” номидаги Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди.
Чемпионатда қатнашадиган хорижий давлат терма жамоаларининг келиши давом этмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА