“Мактаб маслаҳатчиси” қандай ишларни амалга оширади?
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент мактабларида янги лавозим жорий этилди. Бу ҳақида Агентлик матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Матбуот хизмати раҳбарининг сўзларига кўра, мактаб ўқувчиларини ҳаётга ва таълимнинг кейинги босқичига тайёрлашни инобатга олган ҳолда Президент мактаби ўқувчиларида ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш, ўз қизиқиш ва иқтидорига мос касбни танлашда йўналиш бериш мақсадида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Агентлик томонидан “Мактаб маслаҳатчиси” - “School Counselor” дастури ва уни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилиб, 2021-2022-ўқув йилидан Президент мактабларида жорий қилинмоқда.
- Бу лавозимни жорий этишдан мақсад таълим йўналишлари бўйича индивидуал маслаҳатлар бериш, дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидаги нуфузли олий ўқув юртлари ҳақидаги маълумотлар билан таништириш, олийгоҳларга ҳужжат топшириш ва рўйхатдан ўтиш бўйича керакли тавсияларни бериш, шунингдек, эҳтиёж юқори бўлган касблар билан таништириш ва уларга йўналтиришдан иборат, - дейди Д.Собирова.
Бундан ташқари, улар учун махсус дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унда мактаб маслаҳатчилари ўз ишини тўғри ташкил қилишлари учун уларга босқичма-босқич йўриқнома ҳам кўрсатилган.
Йўриқномада 14-18 ёшли ўқувчиларга ўқишга қабул қилинишида зарурий ҳужжатларини (яъни, reference letter, application, essay “ma'lumotnoma, ariza, insho”) тайёрлаш, белгиланган муддатлар, шунингдек, топ 300 таликка кирувчи университетлар тўғрисида маълумот бериш, тўлиқ грантларни қўлга киритиш юзасидан амалий машғулотларни олиб бориш бўйича кўрсатмалар берилган.
Мактаб маслаҳатчисининг вазифалари сифатида соҳада муваффақиятга эришган касб эгалари билан маҳорат дарслари, учрашувлар ташкил этиш, таълим истеъмолчилари қизиқиш билдирган соҳалари бўйича амалий экскурсия ва танишув турларини амалга ошириш, мактаб психологи билан ҳамкорликда ўқувчилар ёши, психофизиологик хусусияти, қобилияти ва иқтидорига кўра ҳаётда ўз йўналишини тўғри танлай олишига кўмаклашиш, Президент мактаби ўқувчиларида миллий ва анъанавий қадриятларга бўлган ҳурмат, ифтихорни ривожлантириш мақсадида мактабда IT, кичик тадқиқотчилик, миллий ҳунармандчилик каби йўналишлар бўйича тўгараклар ташкил қилиш ва уларни самарали амалга оширишдан иборат.
Мазкур дастур муваффақиятли ўтгач, ижобий тажриба умумтаълим мактабларига трансляция қилиниши кўзда тутилган.
Файзулло Яҳёев, ЎзА