Мактаб кутубхоналари янги адабиётлар билан бойитилди
Янги ўқув йили арафасида Сайхунобод туманида таълим муассасаларининг маънавий-маърифий муҳитини янада бойитиш, ўқувчиларни китобхонликка кенг жалб этиш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Шу доирада тумандаги 1- ва 2-сонли умумтаълим мактаблари кутубхоналарига 350 турдаги янги бадиий адабиётлар топширилди.
Тадбирда туман ҳокими Комилжон Муллажанов ва туман прокурори Бекмурод Қурбонов иштирок этди. Унда мактаб кутубхоналари фондларини янги адабиётлар билан бойитиш ўқувчиларнинг мутолаа имкониятларини кенгайтириш, билим ва дунёқарашини юксалтириш, мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Янги ўқув йили олдидан туман ҳокими ва туман прокурори ташаббуси билан мактаб кутубхоналарига топширилган китоблар орасида жадид боболаримиз мероси, ўзбек адабиёти намояндаларининг сара асарлари, шунингдек, жаҳон адабиётининг машҳур вакиллари қаламига мансуб нодир асарлар ўрин олган.
[gallery-31162]
Мазкур адабиётлар ўқувчиларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мутолаа доирасини кенгайтириш, уларни миллий ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналари билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.
Айниқса, мактаб кутубхонасида янги китобларнинг кўпайиши ўқувчиларнинг мутолаага бўлган қизиқишини ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва мустақил изланишларини рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Китобхонлик муҳити қанчалик бой бўлса, ёшларнинг билим олиш ва янги нарсаларни ўрганишга бўлган интилиши ҳам шунчалик ортади.
— Китоб — битмас-туганмас хазина. Қанча кўп китоб ўқисангиз, билимингиз ва дунёқарашингиз шунча кенгаяди. Янги китобларнинг мактабимиз кутубхонасига келтирилганидан жуда хурсанд бўлдим. Энди биз нафақат дарсларда олган билимларимизни мустаҳкамлаймиз, балки қизиққан соҳаларимиз бўйича қўшимча маълумотлар олиш, янги асарлар орқали турли давр ва халқлар ҳаёти билан танишиш имконига эга бўламиз, — дейди мактаб ўқувчиси Севинч Ибрагимова.
Дарҳақиқат, бугун таълим сифати ҳақида сўз кетганда, мактабнинг моддий-техник имкониятлари билан бир қаторда, унинг маънавий муҳити ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада кутубхона ўқувчининг билим олиши, мустақил изланиши, дунёқарашини кенгайтириши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун муҳим маскан ҳисобланади.
Шу маънода, мактаб кутубхоналарини янги адабиётлар билан бойитиш — шунчаки китоб фондини тўлдириш эмас. Бу ўқувчиларни мутолаага кенг жалб этиш, уларда китобга меҳр уйғотиш, маънавий эҳтиёжини шакллантириш ва келажак авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган муҳим амалий қадамдир. Бундай эътибор ва ташаббуснинг самараси эса, шубҳасиз, келгусида ўз натижасини беради.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА