Макрон: Украинага ёрдамни чеклаш янги урушга олиб келади
Франция Президенти Эммануэль Макрон Украинани келгусида ҳам қўллаб-қувватлашни давом эттиришга қарши чиқаётганларни танқид қилиб, агар Россия ўз иродасини бир Европа давлатига мажбуран юкласа, бутун минтақани заифлаштиради, деди.
– Украинага ёрдамни чеклашга чақирувчилар аслида ушбу мамлакатни адолатсиз тинчликка мажбурлаш, Киевни узоқ муддат ҳимоясиз қолдириш ва шу тариқа бутун Европани заифлаштириш истагида, – деб ёзган у ижтимоий тармоқ саҳифасида. – Бу – мағлубият кайфияти, бу – кейинги урушга тўғридан-тўғри йўл.
Франция етакчиси таъкидлашича, Россия – Украина уруши 9-Европа сиёсий ҳамжамияти саммити, шунингдек ЕИ давлат ва ҳукумат раҳбарлари норасмий саммитида асосий муҳокама мавзусига айланган.
– Раҳбарлар икки устувор йўналиш – Украина қишдан омон чиқишига ёрдам бериш ҳамда адолатли ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун бирга ишлашда давом этишга келишиб олдилар, – дея таъкидлади у. – Европа бу жараёнда фаол ўрин эгаллаши керак, чунки қитъамиз хавфсизлиги тинчликка боғлиқ.
Президент кўҳна қитъада энг кучли армияга эга Украина НАТОда муносиб мавқе эгаллаши лозимлигини ҳам қўшимча қилди. Унинг фикрича, Киев Иттифоқ билан бирга Европа хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
С.Раҳимов, ЎзА