Макон ва замон: Океанлар қандай пайдо бўлган? (+видео)
Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиш вақти — эволюциянинг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири. Сайёрамиз тарихида ҳалигача ечилмаган жумбоқлар кўп. Шулардан бири океанларнинг пайдо бўлишидир. Очиғи, биз улар қачон пайдо бўлганини аниқ билмаймиз. Аммо курраи замин пайдо бўлиш вақтида улар бўлмагани аниқ. Балки улар дастлаб ер атрофида айланаётган улкан буғ булутлари кўринишида мавжуд бўлгандир. Кейинчалик сайёранинг иқлимий жиҳатдан совий бошлаши ортидан сувга айланган бўлиши мумкин.
Айрим замонавий назарияларнинг шаҳодат беришича, бир замонлар бутун ер юзи денгиздан иборат бўлган. Минтақаларни кўп марта сув босган. Бироқ океан тубидаги бундай ерлар қуруқлик бўлган-бўлмагани номаълум.

Қизиғи шундаки, баъзи қуруқлик ҳудудлар қайсидир даврда сувликлар билан қоплангани исботланган. Олимлар томонидан кўп йиллик изланишлардан сўнг топилган оҳактош, қум ва лойли сланецлар (тоғ жинси)нинг аксарияти чўкинди жинслар, яъни денгиз тубида миллионлаб йиллар давомида ҳосил бўлган минерал тузлар чўкиндисидир. Оддий бўр ҳам бир замонлар денгизда яшаган майда жониворлар чиғаноғининг зичланган тўплами эканлиги тасдиқланган.

Бугунги кунда океанлар ер юзининг тўртдан уч қисмини эгаллайди. Гарчи инсон қадами океан тубининг барча қатламига етмаган бўлса ҳам биз унинг кўриниши қандай эканини, тахминан, биламиз. У материклар юзаси каби ранго-ранг бўлмаса-да, тоғ тизмалари, текисликлар ва чуқур ботиқликлардан ташкил топган.

Кўрсатувнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг “Youtube” каналида томоша қилишингиз мумкин.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/3Qa4nB2EIKI" title="Макон ва замон: Океанлар қандай пайдо бўлган?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Интернет материаллари асосида Ў.Алимов тайёрлади.
Видеомуҳандис Д.Ёқубов,
ЎзА