Маккажўхори етиштириш: ҳосилдорлик ва тежамкорлик учун янги ечимлар
Булунғурда маккажўхори етиштиришда янги давр бошланди. Хитой технологиялари ва серҳосил дурагайлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида самарали ечимларни тақдим этмоқда.
Булунғур туманида маккажўхорининг серҳосил дурагайлари уруғчилигини ривожлантириш ва замонавий, ресурс тежамкор агротехнологияларни жорий этишга бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди. Тадбирни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Зафар Ортиқов кириш сўзи билан очиб, маккажўхорининг серҳосил дурагайлари уруғчилигини ривожлантиришнинг муҳим жиҳатларига тўхталди.

Сифатли уруғлик базасини шакллантириш маккажўхоридан юқори ва барқарор ҳосил олиш билан бирга, чорвачилик учун озуқа базасини кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уруғ импортини қисқартиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Ушбу тадбир Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти ҳамда Хитой компанияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ташкил этилди. Айни пайтда Булунғур туманидаги 467 гектар майдонда маккажўхорининг серҳосил дурагайлари уруғчилигини маҳаллийлаштириш, шунингдек, Хитойнинг ресурс тежамкор агротехнологияларини маҳаллий шароитга мослаштириш бўйича тажрибалар олиб борилмоқда.

Семинарда соҳа вакиллари, олимлар, мутахассислар ва фермерлар иштирок этиб, маккажўхорининг юқори ҳосилли дурагайлари ҳамда уларни етиштириш технологиялари билан танишди. Хусусан, томчилатиб суғориш, плёнка остига экиш, ўғитларни аниқ меъёрда қўллаш, кенг ва тор қаторларда юқори зичликда жойлаштириш каби ресурс тежамкор технологиялар намойиш этилди.

Тадбир давомида маҳаллий шароитда маккажўхори дурагайларини яратиш ва уруғини кўпайтириш, фермерларни сифатли уруғлик билан таъминлаш ҳамда илғор технологияларни оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА