Ўзбекистон-Ўмон: “яшил” энергетика соҳасида янги келишув имзоланди
Икки давлат ўртасидаги инвестициявий ҳамда иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар энергетика соҳасида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратаётган алоҳида эътибори натижасида мазкур йўналишда янги ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Шундай лойиҳалардан бири Фарғона вилоятида 500 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциясини барпо этишдир. Мазкур лойиҳани биргаликда ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ўмоннинг “Voltamp Energy SAOG” компанияси ҳамда маҳаллий “UET Construction” компанияси ўртасида келишув (JDA) имзоланди.
Келишув доирасида лойиҳани биргаликда ишлаб чиқиш, уни амалга ошириш учун зарур тайёргарлик ишларини олиб бориш ва инвестициявий жараёнларни мувофиқлаштириш назарда тутилган. Қурилиш ишлари учун 350 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш режалаштирилган.
Янги станция ишга туширилиши натижасида йилига 1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Шунингдек, йилига 250 миллион куб метр табиий газ тежалиши кутилмоқда. Бу эса электр энергияси ишлаб чиқаришда муқобил манбалар улушини ошириш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Айни чоғда “Voltamp Energy SAOG” компанияси мутахассислари бўлажак станция учун белгиланган ҳудудни ўрганиш, лойиҳанинг техник ва молиявий жиҳатларини ишлаб чиқиш билан шуғулланмоқда. Тайёргарлик жараёнлари қисқа муддатларда якунланиб, лойиҳа бўйича тижорий таклиф тақдим этилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, Ўмон компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти қуёш энергетикаси лойиҳаси билан чекланиб қолмайди. Ҳамкорлик доирасида электротехника саноатида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга қаратилган келишувларга ҳам эришилди.
Хусусан, “Voltamp” компанияси “Texnokabel Group” билан ҳамкорликда трансформаторлар учун махсус ўтказгичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Шунингдек, “Nura Group” билан Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида юқори кучланишли трансформаторлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги завод қуриш бўйича ҳам келишувга эришилган.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу ташаббуслар мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА