Маҳсулотлар Россия бозорига жўнатилмоқда
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг иқтисодий қиймати уни етиштириш билангина эмас, балки истеъмолчига ўз вақтида, сифатини йўқотмаган ҳолда етказиб бериш билан ҳам белгиланади. Шу маънода, маҳаллий маҳсулотларни хориж бозорларига олиб чиқиш, экспорт йўналишларини кенгайтириш ва етказиб бериш жараёнларини самарали ташкил этиш аграр тармоқ олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Куни кеча “BMB Holding” тасарруфидаги “BMB-NRC Agrologistics” корхонаси томонидан Россия Федерациясига саховатли Жиззах заминида етиштирилган брокколи ва гулкарамнинг навбатдаги партияси жўнатилди. Дастлаб қараганда, бу оддий савдо жараёнидек туюлиши мумкин. Аслида эса бундай етказиб беришлар маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ташқи бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаши, ишлаб чиқарувчилар имкониятларининг кенгайиши ва агрологистика тизимининг аҳамияти ортиб боришида муҳим ўрин тутади.

Экспортда маҳсулотнинг ўзи билан бир қаторда унинг сифати, янгилиги, сараланиши, қадоқланиши ва белгиланган манзилга ўз вақтида етиб бориши ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айниқса, брокколи ва гулкарам каби янги узилган ҳолда истеъмол қилинадиган сабзавотларни халқаро бозорга етказишда ҳар бир босқични пухта ташкил этиш талаб этилади. Демак, агрологистика фақат ташиш жараёнини эмас, балки етиштирилган ҳосилнинг бозорбоплигини таъминлайдиган муҳим иқтисодий бўғиндир.


Бу борада давлат сиёсати даражасида ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маҳсулотларни етиштиришдан тортиб экспортгача бўлган жараёнларни такомиллаштириш, фитосанитария назоратини соддалаштириш ва агрологистика марказларини ривожлантириш вазифалари белгиланган. Ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар экспорт жараёнларини янада самарали ташкил этиш учун аҳамиятли ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.


Энг муҳими, экспорт натижаси фақат жўнатилган маҳсулот ҳажми билан эмас, балки унинг харидор талабига мувофиқлиги, етказиб бериш барқарорлиги ва ҳамкорликнинг давомийлиги билан ҳам ўлчанади. Шу боис ҳар бир навбатдаги экспорт партияси янги имкониятлар сари ташланган қадам, маҳаллий аграр маҳсулотларнинг халқаро бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим тажрибадир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири