Аҳоли даромадларини ошириш – муҳим вазифа
Хатирчи тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ташаббуси билан Қўмита ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлар маркази ҳамда Германиянинг German Sparkassenstiftung for International Cooperation ташкилоти ҳамкорлигида ўқув семинари ўтказилди.
Аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва доимий иш ўринларини яратишга қаратилган тадбиркорлик лойиҳаларини тўғри шакллантириш, уларнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш, молиялаштириш манбаларини аниқлаш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий билим ва кўникмаларни ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда тумандаги ҳоким ёрдамчилари, тижорат банклари вакиллари ва тегишли ташкилотлар масъуллари иштирок этди.

Тадбир аввалида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 сентябрдаги “Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш мақсадида жойларда тадбиркорлик лойиҳаларини шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.
Семинар давомида Германиянинг German Sparkassenstiftung for International Cooperation ташкилоти эксперти Лия Граубергер томонидан “Муваффақиятли лойиҳа бошқаруви: йўл харитасидан ҳаётий лойиҳага қадар – режалаштириш, лойиҳани асослаш ва тегишли молиялаштириш воситаларидан фойдаланиш” мавзусида тақдимот ўтказилди. Унда тадбиркорлик лойиҳаларини режалаштириш, иқтисодий жиҳатдан асослаш, молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва мавжуд молиявий воситалардан самарали фойдаланиш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, семинарда электрон савдо йўналишидаги имкониятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, онлайн савдо орқали товарларни сотиш, савдо жараёнларини бошқариш ва сотувчилар билан ишлаш, шунингдек, франшиза асосида буюртмаларни топшириш пунктларини ташкил этиш, уларнинг даромадлилиги ва жой танлаш мезонлари бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Тақдимот давомида электрон савдо соҳасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, янги даромад манбаларини шакллантириш, сотувчилар учун мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ҳамда франшиза асосида хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этишнинг амалий жиҳатлари юзасидан тавсиялар берилди.
Тадбирда ҳудудларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда янги лойиҳаларни шакллантириш, уларни самарали амалга ошириш механизмларидан фойдаланиш ва илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш муҳимлиги таъкидланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири