Маҳсулотлар Европа ва Америкага экспорт қилинмоқда
Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Basalt Uzbekistan” кластерига пресс-тур ташкил этилди.
“Basalt Uzbekistan” кластери мамлакатимиз оғир саноати қудратини юксалтириш, мураккаб иш ва иқлим шароитларида табиий бойликларни самарали ўзлаштириш ҳамда тармоқни замонавий технологиялар асосида ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Тадбир иштирокчилари дастлаб кластернинг бугунги имкониятлари, корхона фаолиятининг беш йил аввалги ҳолати ва ҳозирги ютуқлари билан яқиндан таништирилди.
Ушбу йирик кластер ташкил этилишига асос бўлган илк заводда дастлаб тоғ бағридаги тошлардан инсон соч толасидан 5 баробар ингичка бўлган ноёб базальт кимёвий тола ишлаб чиқарила бошлаган.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 8 апрель куни корхонага ташрифи чоғида базальт маҳсулотларининг афзалликларини тадбиркорларга тушунтириш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек, ташқи бозорга чиқишни янада фаоллаштириш, 500 миллион долларлик, қўшилган қиймати юқори бўлган 20 турдаги янги лойиҳаларни жойлаштириш, натижада қўшимча 2 мингта иш ўрни яратиш бўйича мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берди.
[gallery-17024]
– Базальт толаси юқори коррозиявийлик ва кимёвий чидамлиликка эга, темир маҳсулотидан 50 фоизга арзон, 4 баравар енгил ва 3 баравар мустаҳкам, иссиқ ва совуққа бардошлилиги чидамли, – дейди “Basalt Uzbekistan” компанияси бош директори Азим Абдусатторов. – Шу боис мазкур хомашёдан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар коммунал хўжалиги, автомобилсозлик, тўқимачилик, нефт-газ ва бошқа тармоқларда кенг қўлланилади.
Бугунги кунда кластер тизимида 6 та корхона фаолият юритади. Улар Германия, Франция, Италия, Чехия каби давлатлардан келтирилган энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Айни пайтда 1 минг 700 дан ортиқ киши иш билан таъминлаган.
Мутахассислар фикрига кўра, ҳамма тошдан ҳам базальт толаси чиқмайди, сифатли маҳсулот олиш учун хомашё жуда юпқа кимёвий бирикмага эга бўлиши зарур. Фориш тумани Осмонсой конидаги базальт карьери минг йил олдин вулқон отилиши натижасида ҳосил бўлган тошлардан таркиб топган. Шунинг учун ҳам бундай тола ишлаб чиқарувчи заводлар саноқли. “Basalt Uzbekistan” ҳозирча дунё бўйича бешинчи, Марказий Осиёда эса ягона корхонадир.
Лойиҳани ишга туширишдан аввал олиб борилган геология-қидирув ишлари натижасида ушбу конда умумий базальт тошлари мавжуд майдони ҳажми 5 миллион кубни ташкил этиши аниқланган. Бу эса корхонанинг жуда катта хомашё захирасига эгалигини тасдиқлайди.
Бугунги кунда кластер томонидан йилига 177 минг тонна базальт тошидан махсус тола ҳамда бошқа 42 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йили 45 минг тонна 554 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган бўлиб, уларнинг 80 фоизи АҚШ, Англия, Польша, Италия, Чехия, Грузия, Россия, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинган.
– Европа бозорларини муваффақиятли забт этишимизнинг икки муҳим омили бор, – дейди “Basalt Uzbekistan” компанияси тижорат директори Темур Мамадаминов. – Биринчиси, бу давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлови остидаги ислоҳотлар самараси. Яъни Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар дастурига қабул қилинганидан сўнг кўпгина экспортёр корхоналар қатори биз учун ҳам дунёнинг ривожланланган давлатларига кенг йўл очилди. Маҳсулотларимиз бож тўловисиз экспорт қилинмоқда. Кейинги омил ҳар йили Францияда ўтказиладиган анъанавий “Jec World” – қурилиш материаллари ва кимёвий маҳсулотлар намойишига бағишланган халқаро кўргазмада қатнашиб, компания фаолияти тарғиб қилинмоқда.
Бундан ташқари, хорижий буюртмачилар Ўзбекистон базальти таркибида юқори қийматли элементлар мавжудлигини илғашган. Шу боис орадаги масофа қанчалик олис бўлмасин, АҚШ, Англия, Италия каби давлатларга ҳар ой маҳсулот жўнатилаётгани қайд этилди.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар кластерга қарашли “Ecobasalt group” ва “Geobasalt products” корхоналарига ташриф буюриб, “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг молиявий мадади билан харид қилинган илғор технологиялар ишини кузатди. Мутахассислардан маҳаллий миқёсда базальтни кенг қўллаш истиқболлари хусусида фикр олди.
– Албатта, маҳсулотлардан ўзимизда ҳам кўпроқ фойдаланишни истаймиз, – дейди “Basalt Uzbekistan” компанияси бош директори Азим Абдусатторов. – Бу билан хавфсизлик, тежамкорлик ва атроф-муҳит барқарорлигини сақлашда яна бир муҳим қадам қўйилади. Шунинг учун лойиҳачи, қурувчи, умуман, базальт маҳсулотларини ишлатувчи соҳа вакилларини ўқитишга қаратилган илмий марказ ташкил этиш ниятидамиз.
Шунингдек, компаниянинг жорий йилги режалари қаторидан бозор талабидан келиб чиқиб базальт директ ровинг ва матосини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳам ўрин олган. “Ўзсаноатқурилишбанк” кўмагида амалга оширилувчи лойиҳа келгуси йил ишга тушади. Натижада йилига 25 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, унинг 90 фоизи экспортга йўналтирилади.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Жиззах банк хизматлари офисида брифинг ўтказилди. Унда банкнинг вилоятдаги тармоқлари томонидан туманлардаги тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва фаолиятини кенгайтириш, банкка бириктирилган маҳаллалардаги лидер тадбиркорлар билан изчил ишлаб, улар орқали аҳоли даромадини ошириш ва бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Молиялаштирилаётган лойиҳалар тақдимот қилинди. Жорий йилда йирик корхоналар ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектлари лойиҳаларига жами 300 миллиард сўмлик кредит ажратилиб, бунинг ҳисобига 15 мингдан зиёд иш ўринлари яратилиши маълум қилинди. Брифингдан сўнг журналистлар банк офисида мижозлар учун яратилган қулайликлар билан танишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари