Маҳаллийлаштириш ва инновация чорраҳасидаги янги учрашувлар
Мамлакатимизда саноатни модернизация қилиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш йўлида халқаро ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Бу борада юқори технологияларни жалб этиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини шакллантириш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган мулоқотлар алоҳида аҳамият касб этади.
Шунга кўра, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ва “Contemporary Amperex Resources Group” компанияси бошқарув кенгаши котиби Чен Сяолун ўртасида бўлиб ўтган учрашув ҳам истиқболли саноат алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Унда Ўзбекистонда литий-ион батареялар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари, соҳага инвестициялар жалб қилиш ҳамда электротехника саноатида юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур ҳамкорлик энергия сақлаш тизимлари, электр транспорт воситалари ва замонавий электроника ҳамда электротехника маҳсулотлари учун муҳим аҳамиятга эга компонентлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда технологик занжирларни янада чуқурлаштириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда юқори қийматли маҳсулотлар улушини кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади.
Шу билан бирга, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов “GAC International” компанияси президенти доктор Уэйн Вэй билан ҳам музокаралар олиб борди. Учрашувда юртимизда автоэҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда маҳаллий корхоналар билан саноат кооперациясини кенгайтириш имкониятлари муҳокама марказида бўлди.
Қайд этилганидек, автомобилсозлик саноати учун зарур бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ички бозор эҳтиёжини таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади. Шунга асосан мамлакатимизда саноат тармоқлари ўртасидаги кооперацияни мустаҳкамлаш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш мақсад қилинган.
Уюшма ахборот хизматига кўра, Ўзбекистон-Гонконг бизнес форуми доирасида ташкил этилган мазкур учрашувлар мамлакатимизда маҳаллийлаштириш сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда халқаро саноат ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим амалий қадамдир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА