Маҳаллийлаштириш бўйича 850 миллион долларлик 12 та истиқболли лойиҳа тайёрлангани айтилди
Хитойнинг “China Energy” компанияси 8 та энергия сақлаш станцияси қурилишида қарийб 40 фоиз маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланди. Уларнинг қиймати 200 миллион долларга яқин бўлди. Ўтган йили эса энергетикадаги барча инвестиция лойиҳаларида маҳаллий товар ва хизматлар қиймати 740 миллион долларга етди.
Президентимиз ушбу кўрсаткични 3-4 баробар ошириш мумкинлигини таъкидлади. Саноат кооперацияси агентлиги ва маҳаллий уюшмалар инвесторларга зарур маҳсулотнинг сифати ва ҳажмини аниқлаб, уни етказиб беришда корхоналар билан ишлайди.
Ҳозир юқори кучланишли ускуналар, энергия сақлаш тизимларининг бошқарув модуллари ва шамол генераторлари бутловчи қисмлари катта ҳажмда импорт қилинмоқда. Уларни маҳаллийлаштириш бўйича 850 миллион долларлик 12 та истиқболли лойиҳа тайёрланган.
Жиззах вилояти Фориш туманида қурилаётган атом электр станциясига зарур янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида шу ерда солиқ ва божхона имтиёзларига эга махсус саноат зонаси ташкил этилади. Давлатимиз раҳбари инвесторларни бу лойиҳаларда ҳам ҳамкорликка чақирди.
ЎзА