Маҳаллий саноат барқарор ривожланмоқда
Сўнгги йилларда Сирдарё вилоятида маҳаллий саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараён мамлакатимизда амалга оширилаётган маҳаллийлаштириш дастури доирасида изчил натижалар бериб келаётганини кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида мазкур дастур асосида вилоятдаги 44 та лойиҳа бўйича 1 триллион 276,9 миллиард сўмлик маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш белгиланган бўлса, амалда бу кўрсаткич 1 триллион 953,2 миллиард сўмни ташкил этди. Натижада режа 153 фоизга бажарилди. Бу эса Сирдарёдаги ишлаб чиқарувчиларнинг салоҳияти ортиб, маҳаллий саноат барқарор ривожланаётганидан далолат беради.

Вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Бекмурод Акбаровнинг таъкидлашича, бу кўрсаткичлар ортида катта меҳнат ва тизимли ёндашув мужассам: – Ҳар бир саноат лойиҳаси — бу иш ўрни, бу оилавий даромад, бу ҳудуднинг ривожи, — дейди у. — Сирдарёда ишлаб чиқариш соҳаси тўлиқ янги мазмун касб этмоқда. Биз маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга интиляпмиз. Шу билан бирга, замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш маданиятини ошириш ва халқаро бозорга чиқишни мақсад қилиб қўйганмиз.

Мутахассислар фикрича, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар нафақат ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан таъминламоқда, балки экспорт ҳажмини кенгайтиришда ҳам фаол иштирок этмоқда. Жорий йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги 9 та лойиҳа бўйича умумий қиймати 7,8 миллион долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилинди. Шунинг 7,69 миллион долларлик қисми Сирдарё тумани корхоналари ҳиссасига тўғри келди. Бу вилоят ишлаб чиқарувчиларининг халқаро бозордаги рақобатбардошлиги ортиб бораётганини кўрсатади.

Ишлаб чиқариш қувватлари кенгайиши билан бирга, янги иш ўринлари ҳам кўпаймоқда. Бу йилнинг ўзида 283 та янги иш ўрни яратилди. Энг кўп иш жойлари Янгиер шаҳрида (115 та), Сирдарё туманида (74 та) ҳамда Ширин шаҳрида (29 та) ташкил этилди. Бу нафақат аҳолининг бандлигини таъминламоқда, балки даромад манбаларини кенгайтириб, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамламоқда.
Бугун вилоятда маҳаллий хомашё асосида янгидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури тобора кўпаймоқда. 7 та лойиҳа доирасида 10 га яқин янги турдаги маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва жами 6,65 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди. Бу натижалар кимё, озиқ-овқат, тўқимачилик ва мебель ишлаб чиқариш соҳаларида янги босқич бошланганини англатади.

Гулистон шаҳридаги “NH-CNC produktion ” металл кесиш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрламоқда. Оқолтин туманидаги “Барака тех” тўқимачилик учун эластик резина маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирган. “Давр макон сервис” қовун ва тарвуздан жем ҳамда сукатлар тайёрлаб, озиқ-овқат саноатида янги йўналиш очди.
Сирдарё туманидаги “Бахт пластитал” гипохлорит ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, санитария ва сув таъминоти соҳалари учун муҳим маҳсулот етказиб бермоқда. “НПМ траде гроуп” кийим аксессуарлари ишлаб чиқаришни ташкил этган бўлиб, енгил саноатнинг рақобатбардошлигини оширишга ҳисса қўшмоқда. Ширин шаҳридаги “Версал гроуп м” мебель учун ўқлоқлар ишлаб чиқармоқда, “Wang da rolling stetl” эса сим прут ишлаб чиқаришни бошлаб, қурилиш ва машинасозлик соҳаларидаги эҳтиёжни қопламоқда.
– Бугун вилоятдаги ҳар бир саноат объекти фақат ишлаб чиқариш маркази эмас, балки инновация ва меҳнат маданиятининг намунасига айланмоқда, – дейди Бекмурод Акбаров. – Бу — Сирдарёнинг янги иқтисодий қиёфаси. Йил якунига қадар ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, экспорт улушини кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Саноат қувватлари ортгани сайин, Сирдарё иқтисоди нафақат рақамларда, балки одамлар ҳаётида ҳам намоён бўлмоқда. Янги иш ўринлари, барқарор даромадлар ва янгича меҳнат маданияти — бугунги вилоят тараққиётининг белгисига айланди. Сирдарё саноати эндиликда мамлакат иқтисодиётининг ишончли устунларидан бирига айланиб бормоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири