Маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўқитилмоқда
Олий Мажлис Сенати томонидан маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун ташкил этилган навбатдаги ўқув- семинарда Халқ депутатлари Самарқанд вилояти ҳамда туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳам иштирок этмоқда.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилаётган семинарнинг биринчи кунги машғулотларида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталари биринчи мажлисларида сўзлаган нутқида белгилаб берилган устувор вазифалар ва уларни амалга оширишда маҳаллий Кенгашларнинг роли ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, парламент палаталари, хусусан Сенатнинг маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлиги, маҳаллий Кенгашлар депутатлари мақоми ва депутатлик фаолиятининг кафолатлари ҳақида маърузалар тингланди.
[gallery-20997]
Олий Мажлис Сенати, Президент Администрацияси, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари семинар иштирокчиларида Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида доимий комиссиялар, партия гуруҳлари ва депутатлар фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш, маҳаллий бюджетни шакллантириш, унинг ижроси устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириш, ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантириш, тасдиқлаш ҳамда ижроси юзасидан назорат-таҳлил фаолиятини олиб бориш масалалари юзасидан атрофлича тушунча берди.
– Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биринчи мажлисларида Президентимиз янги шаклланган парламент ва маҳаллий Кенгашлар янгича асосда фаолияти кўрсатиши зарурлигини таъкидлади, – дейди Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати Бадриддин Насриев. – Айниқса, Халқ депутатлари вилоят Кенгашлари эндиликда ижро ҳокимиятининг бир қатор ваколатларига эга бўлган ҳолда, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фаол иштирок этиши зарурлиги кўрсатиб ўтилганди. Семинарда айни жиҳатларнинг ҳуқуқий асослари ва назорат фаолиятини амалга ошириш механизмлари тушунтирилаётгани депутатлар учун фойдали бўлмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари