Маҳалланинг ҳақиқий фидойиси
Жар ёқасига келиб қолган оилаларни сақлаб қолиш, унинг парокандалигига йўл қўймаслик ғоят мураккаб ва савобли иш.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида узоқ йиллардан буён раислик қилиб келаётган Манзурахон Валиева ўз фаолиятида мураккаб вазиятдаги оилаларга эътибор қаратиш, ёшларнинг бу борада масъулиятини оширишга катта эътибор қаратиб келади.
Манзура опа сингари фидойи инсонларнинг саъй-ҳаракати билан қанча –қанча жанжалли хонадонлардаги чигал масалалар барҳам топди. Ўз ҳаддини билмаган келинлар, оила олдидаги масъулиятини фақат аёлга қўл кўтаришда деб билган эркакларни тўғри йўлга солишда, ёшлар бахтини фақат қўш-қўшалоқ тоғораю мол-матоҳларда деб билгувчи қудалар, айниқса, қайноналарга йўл-йўриқ кўрсатишда, улардан маслаҳатини аямасликда Манзура опанинг олдига тушадиган раислар кам топилади, десак муболаға бўлмайди.
Бир куни ҳамкасб опамиз тасодифан қиз жияни ўта мағрурлиги, киборлиги, куёвнинг эса масъулиятсизлигидан куйиниб, ёш оила ажрим ҳолатига келиб қолганини айтиб қолди. Маълум бўлишича, ҳамкасбимнинг жияни Янгиобод маҳалласига келин бўлиб тушган экан.
– Бундай қалтис жараёнда кўплар “Кафил турма, кафансиз кетасан", қабилида иш тутиб, ўзини четга олади, – деб сўзида давом этди ҳамкасбим. – Манзура опа деган маҳалла раиси бор эканлар. Ўзини ўтга чўққа уриб, шу опа жиянимнинг оиласини сақлаб қолди. Ҳар икки ёшга жанжалли вазиятнинг ечимини ётиғи билан, вазминликда, ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтириб берди. Турмушнинг бузилиши яхши оқибатларга олиб келмаслигини жияним ҳам, куёв бола ҳам англаб етишига ўз ҳиссасни қўшган эди маҳалла раиси. Йўқса, ёшгина оиланинг бузилиб кетиши ҳеч гап бўлмай қолганди. Ҳамма ҳам мушкул вазиятларда, оилавий жанжалда ёшлар, қуда-андаларнинг ўртасига тушавермайди.
Манзура опани рости, кўп йиллардан буён масъулиятли маҳалла раиси сифатида яхши биламан. Фидойи опа нуқул хонадонма-хонадон юриб, оғир шароитли оилалар, ёлғиз кексалар, тиббий кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган маҳалладошлари ҳолидан хабар олишни, қўлидан келганича уларга ёрдам кўрсатишни канда этмайдиган тиниб-тинчимас аёл.
Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида “Аёллар, ёшлар темир дафтарлари”нинг жорий этилиши Манзура опа сингари маҳалла мутасаддиларининг ишини янада кўпайтиргани ҳам рост. Шу билан бирга эндиликда муаммоларни тоифалалаштириш, шунга қараб уларнинг ечимига тегишли ташкилот ва идоралар масъуллларини ҳамкорликка чорлаш имконияти ҳам пайдо бўлди.
– Ижтимоий аҳамиятга молик бундай дафтарларнинг жорий этилиши билан бирга одамларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш бўйича ҳам масалаларни самарали ҳал этиш имкони пайдо бўлди, – деди “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Манзура Валиева. – Кўплаб аёллар тикув цехлари, хусусий корхоналар, савдо шохобчаларига ишга жойлашди. Кимларгадир имтиёзли кредит олишда кўмаклашилди. Кекса бемор аёллар учун шифохоналарга ордер олишда амалий ёрдам кўрсатилди. Бундай дафтарларнинг ёрдамга муҳтож оилаларга, аёлларга яхшигина нафи тегмоқда.
Опа эртаю кеч тиним билмайди. Маҳалла ҳудудидаги кўчаларнинг озода, саришталигини, хавфсизлигини таъминлашда тегишли тузилмалар билан бирга иш олиб бориш, оилавий поликлиника, мактаб, маҳалла ҳудудидаги ижтимоий объектлар билан ҳамкорликни кучайтириш, хотин-қизлар билан ишлаш, вазияти оғир аҳволдаги оилаларга наинки моддий кўмак, балки ўз моддий аҳволини яхшилаш йўлида амалий кўмаклашиш опанинг фаолиятида устувор ўрин тутади.
Президентимизнинг 2021 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра Манзура опа Валиева “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланганида опага қўшилиб бутун маҳалла аҳли қувонгани рост.
– Давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллаларда одамлар билан иш олиб боришнинг янгидан-янги шакл ва усуллари амалга жорий этилмоқда,– деди Манзура Валиева.– Буларнинг барчаси ўз ҳаётини маҳалла ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ деб билган инсонлар учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мукофотдан бошим осмонларга етди. Шу билан бирга хонадонлар, оилалар билан ишлашда ҳали муаммоларимиз, ҳал этилиши керак бўлган ишларимиз кўп. Бундай юксак мукофот янада катта масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилишга ундайди.
Ҳа, чиндан ҳам Манзура опа сингари фидойи инсонларнинг борлиги маҳаллаларимиздаги тинчлик, осудалик, оилаларнинг хотиржамлигини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА