Маҳалламиз ободлигига ҳисса қўшайлик
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига мувофиқ, август ойи “Маҳаллаларни ободонлаштириш” ойлиги ҳамда 21 август — умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашари куни этиб белгиланди.
“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида ўтказилиши режалаштирилаётган ушбу хайрли ташаббус доирасида маҳаллалар, аҳоли яшаш хонадонлари, кўп қаватли уй атрофлари, гузар ва хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, кўча ва болалар майдончаларида кенг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади.
Шунингдек, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз яшовчи ҳамда ногиронлиги бўлган юртдошларимиз ҳолидан хабар олиниб, уларнинг яшаш шароитлари яхшиланиб, уй-жойларини таъмирлашга кўмаклашилади.
Қадрли юртдошлар! Барчангиздан ушбу эзгулик ҳаракати — ободонлаштириш ойлиги ҳамда умумхалқ хайрия ҳашарида фаол иштирок этишингизни сўраймиз! Шунингдек, санитария-эпидемолигик ҳамда турли хавфсизлик талабларига қатъий амал қилишингизни сўраймиз, дейилади Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги хабарида.
Н.Усмонова, ЎзА