Маҳаллаларга “Заковат” столлари берилди
Давлатимиз раҳбарининг “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятидаги 1063 та маҳаллага “Заковат” столлари тарқатилди.
“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” муносабати билан вилоятдаги маҳаллалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ҳудуд инфратузилмаси ва ижтимоий муҳитини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Йил бошидан буён туман ва шаҳарларда йигирмага яқин янги маҳалла бинолари фойдаланишга топширилди. “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақоми берилиши режалаштирилган 32 маҳаллада йўл ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш, болалар ва спорт майдончаларини қуриш, яшил ҳудудлар ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг учун ушбу маҳаллаларнинг ҳар бирига бюджетдан 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилган.
Маҳалла тизимида рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида вилоятдаги 289 маҳаллага замонавий компьютер техникалари харид қилинди.

“Маҳалла еттилиги”нинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай шароит яратиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида 125 маҳаллага замонавий мебель жамланмалари берилди.

Айни кунларда ҳудудларда маҳалла раислари учун ўтказилаётган ўқув семинарларда мавжуд бино-иншоотлар, техника воситаларидан унумли фойдаланиш, молиявий имкониятларни кенгайтириш ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тушунча берилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА