Маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ўқитилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январда қабул қилинган “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тоғрисида”ги қарорига кўра, юртимиздаги маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.
Ёшлар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, уларнинг муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинган қарор туб моҳиятида аввало ишларни “маҳаллабай” тизимга ўтказиш назарда тутилган. Яъни, ёшлар билан ишлашнинг “маҳалла – туман – вилоят – республика” бошқарув тизими яратилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган ўқув семинарда ёшлар етакчиларига мазкур янги тизимнинг туб моҳияти, мақсад ва вазифалар тушунтирилмоқда.
Масофавий онлайн шаклда ўтказилаётган семинарда Самарқанд вилоятидаги барча туман ва шаҳарлардаги маҳалларда иш бошлаган 1120 нафар ёшлар етакчилари ҳам иштирок этмоқда.
– Ушбу семинардан кўзланган асосий мақсад ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиларининг вазифаларини белгилаб бериш, иш фаолиятини тўғри ташкил этиш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини тушунтиришдир, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи Р.Саидазаров. – Ўқув давомида етакчилар иш фаолияти учун керакли бўлган билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда, “маҳаллабай” тизим бўйича ишни тўғри ташкил этиш юзасидан тавсилар оляпти.
Жумладан, ёшлар билан самарали мулоқот олиб бориш механизмлари, маҳаллада маданий тадбирлар ташкил этиш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, имконияти чекланган йигит-қизларнинг ижтимоийлашувига кенг шароитлар яратиш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш каби қатор мавзуларда мазмунли маърузалар тингланди. Ёшларга бериладиган 13 турдаги ёрдам бевосита ёшлар етакчисининг тавсиясига биноан кўрсатилиши тартиби тушунтирилди. Ушбу тартиб асосида ёшлар билан ишлашнинг амалий механизми шаклланади.
Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси маълумотларига кўра, 4578 нафар ёшлар орасидан сараланган 1120 нафар етакчиларнинг 968 нафарини эркаклар (жумладан, 714 нафари муддатли ҳарбий хизматни ўтаган), 152 нафари хотин-қизлардир. Уларнинг 7 нафари 20 ёшгача, 33 нафари 35 ёшдан юқори ва 1080 нафари 20-35 ёш оралиғидаги фаол ёшлар ҳисобланади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА