Маҳаллада ёшлар билан қандай ишлаш лозим?
Маҳалла тизимидаги ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати – эндиликда барча соҳалар бўйича масалалар шу йўналишлар мутахассислари томонидан кўриб чиқилмоқда. Масалан, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, янги иш ўринларини яратиш бўйича ҳоким ёрдамчиси шуғулланса, ёшлар муаммоси билан ёшлар етакчилари ишлаяпти. Хотин-қизлар масалалари эса, маҳалладаги хотин-қизлар фаоли томонидан ўрганилмоқда. Маҳалла раиси мана шу мутахассислар фаолиятини мувофиқлаштириб бормоқда.
ЁШЛАР БИЛАН ИШЛАШНИНГ ВЕРТИКАЛ ТИЗИМИ
Ишни тўғри ташкил этишда барча йўналишларда чора-тадбирлар белгилаб олинган. Жумладан, ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, вертикал тизимни яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори асосида иш олиб борилмоқда.
Унга кўра, ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулдаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, унинг асосий вазифалари белгиланди.
Эндиликда етакчилар «Ёшлар баланси»ни шакллантириш, улар тўғрисидаги зарур маълумотларни «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар портали» электрон платформаларига киритиб, самарали иш ташкил қилмоқда.
Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашмоқда.
Ўзига бириктирилган маҳаллаларда маданият ва санъатни тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, маънавият ва китобхонлик тарғиботи, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш, тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш каби вазифаларга ҳам масъул.
Бир қатор ёрдам турлари етакчининг тавсияси асосида берилмоқда. Ёшларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш, улар фаолиятига кредит, субсидия ва бошқа ёрдам чораларини жалб қилиш бўйича маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорлиги йўлга қўйилди.
Етакчи лавозимига номзодлар туман (шаҳар)лар ҳокимлари бошчилигидаги танлов комиссияларини шакллантириш орқали очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига ҳам бир қатор вазифалар юкланган. Жумладан, иш фаолияти натижаларига кўра, етакчиларни Миллий кадрлар захирасига киритиш, бунда ушбу етакчилар танловсиз тўғридан-тўғри юқори лавозимларга ўтказилиши кўзда тутилган.
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий филиаллари масъуллари томонидан ёшларга оид Президентимизнинг фармон ва қарорлари, шунингдек, ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларни жойларда ёшлар билан учрашувлар, семинар-тренинглар ташкил этиш орқали етказмоқда.
Шунингдек, икки йиллик меҳнат фаолияти натижаларига кўра, етакчиларнинг лавозимини ошириш юзасидан вазирлик ва идоралар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Агентлик томонидан таклиф киритилиши белгиланди.
Эътиборлиси, бугунга келиб, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда Етакчилар иш фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришга эришилди ҳамда электрон рейтинг тизими (KPI) жорий этилди.
«Ёшлар дафтари» ахборот тизими «Онлайн маҳалла» платформаси билан интеграцияланади.
Қувонарлиси, шу йил 7 июнда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 1 июлдан «Ёшлар дафтари» ахборот тизими «Онлайн маҳалла» платформаси билан интеграцияланади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг маҳаллий босқичларида қатнашиш харажатлари учун БХМнинг 4 бараваригача (ҳозирда 1 200 000 сўм) ҳамда халқаро босқичларида қатнашиш харажатлари учун 40 бараваригача (12 000 000 сўм) миқдорида субсидия ажратиладиган бўлди.
Шунингдек, моддий аҳволи оғир бўлган 30 ёшдан ошмаган бемор фуқароларга мамлакатда ёки хорижий давлатда даволаниш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун 50 бараваридан ошмаган миқдорда (ҳозирда 15 000 000 сўм) субсидия ажратилмоқда.
Шу ўринда юқоридаги қарорда белгиланган айрим бандлар маҳаллий ҳокимликлар томонидан тўлиқ бажарилмаганини ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, 2022 йил 1 мартга қадар етакчилар учун қулай шароитга эга бўлган хизмат хоналарини ажратиш ва уларни моддий-техник жиҳозлар (мебель, компьютер тўплами, алоқа, интернет ва бошқалар) билан таъминлаш белгиланган бўлса-да, бугун бу вазифалар масъуллар томонидан тўлиқ бажарилмаяпти.
Маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар ушбу камчиликларни имкон қадар тезроқ бартараф этишмаса, ҳудудларда ёшлар билан ишлашдан кўзланган мақсадга етишда муаммолар кузатилаверади.
Марям АБДУКАРИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг
Тошкент шаҳар филиали бош инспектори,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)