“Маҳаллабай” ишлашда Уйчи тажрибаси
Наманганда вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Иштирокчилар “Маҳаллабай” тизими асосида Уйчи туманида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди.
Уйчи туманида 56 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. “Ватан ичра кичик ватан” саналган маҳаллаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, хайрли ташаббуслар камбағалликни қисқартириш, ёшлар тарбияси, бандлик, ижтимоий ҳимоя каби йўналишларда ўз самарасини бермоқда.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб тумандаги “Гулбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти билан танишди. 23-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган мулоқот чоғида “Бир нуронийга 10 нафар ёш” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Учрашув якунида нуронийлар мактабнинг фаол ўқувчиси Муҳаммадсиддиқ Тожимирзаевга “1+10” лойиҳаси асосида совға топшириб, қолган ўқувчиларни ҳам фаолликка чақирди.

Соку маҳалласидаги ўзгаришлар таҳсинга сазовор. Маҳала ҳашар йўли билан қурилган замонавий бинода фаолият олиб бормоқда. Йиғин биносида ташкил этилган кутубхона 9 мингга яқин адабиётлар фондига эга экани эътиборга молик. 815 та хонадондаги 920 та оила асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Жорий йил бошидан буён “Ёшлар дафтари” даги йигит-қизнинг 12 нафари доимий иш ўрнига эга бўлди. Яқинда эса маҳаллада аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида тиббиёт пункти фаолият бошлади.

Муҳаммадвали Отақўзиев – сокулик катта ҳаётий тажрибага эга нуронийлардан. Уйидаги 4 сотихли томорқа, айтиш мумкинки, даромад манбаининг ўзи. Полиз маҳсулотларини етиштириб ортганини бозорга олиб чиқаётган хонадон соҳиби кейинги пайтда янги ёнғоқ навини парваришлашни йўлга қўйди. Йиллик даромад эса 30 миллион сўмга етди. Шу билан бирга, мазкур ишбилармон хонадонида зотли паррандалар ҳам боқиляпти.

Тумандаги илғор маҳаллалардан бири – Ҳожиободда яшовчи Элдар Консеров узоқ йиллардан буён асаларичилик билан шуғулланади. У уч юздан зиёд шогирдлар етиштирган. Экологик жиҳатдан тоза, шифобахш асали билан нафақат туманда, балки вилоятда ҳам ном таратган тадбиркор томорқасида юздан ортиқ яшикларда боқаётган асалари маҳсулоти ички бозордан ташқари Россия Федерациясига ҳам экспорт қилинмоқда. Бу эса ота касбини давом эттираётган оилага ҳар йили 75 миллион сўмдан ортиқ даромад олиб келмоқда.

Мустақиллик маҳалласида яшовчи уста боғбон Анваржон Тўрахонов журналист ва блогерларга узумчиликдан оддий усулда юқори ҳосил олиш тажрибаси ҳақида гапириб берди.
– Президентимиз оз ердан кўп даромад олиш борасида узумчилик энг яхши йўналиш эканлигини кўп бора таъкидлаган, – дейди уста боғбон. – Чиндан ҳам, узумчилик билан шуғулланиш сердаромад ҳосил олиш гарови эканига ўз ишимда иқрор бўлдим.

Дарҳақиқат, уйчиликлар ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланиш ҳадисини олган. Биргина, Қўрғонча маҳалласида бир гектар ерга 300 минг туп терак қаламчалари экилган. Келгуси йилда улар кўчат сифатида сотилса, 1 миллиард сўм атрофида даромад келтириши аниқ. Бу маблағ, албатта, фуқаролар йиғини ихтиёрида қолади. Шу йилнинг январь ойидан маҳалла фуқаролар йиғинларида жорий этилган янги лавозим – тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти самара бера бошлади.
Бунинг ёрқин исботи сифатида, тумандаги Навоий маҳалласида ишлаётган Камолиддин Нажмиддинов қисқа фурсатда тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган ёшларни бирлаштириб, кичик бизнес соҳасига тортди. Унинг кўмаги билан Шукрулло Қаҳрамонов бўш турган бинода “Дилим-хоме-текстиль” кичик корхонасини ташкил этди. Бунинг учун давлат томонидан унга 101 миллион сўм субсидия ажратилган бўлса, 70 миллион сўм маблағни тадбиркор ўз сармояси ҳисобидан сарфлади. Натижада 25 нафар йигит-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Ҳозирда корхонада эркакларнинг мавсумий кийимлари ишлаб чиқарилмоқда.

Хўжаобод маҳалласидан Илҳомжон Тўхтамирзаев ўз хонадонини кичик кулолчилик корхонасига айлантириб, 20 турда чинни маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотлар қўшни Қирғизистонга экспорт қилиняпти, ички бозорда ҳам харидоргир. Ёркатай маҳалласидаги намунали оилалардан бири – Болтабоевлар хонадони томорқачилик хўжалигида қизғин ва самарали меҳнат қилаётганлардан. Хонадон эгалари иссиқхонада помидор ва цитрус мевалар етиштириш асносида чорвачилик билан ҳам шуғуланаётгани таҳсинга сазовор.
Журналист ва блогерлар, шунингдек, туман маҳаллаларидаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш, “Аёллар дафтари” да турувчи опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш юзасидан олиб борилаётган ишлар самараларини Навоий маҳалласи ҳудудидаги "Dilim home tex" кичик корхонаси мисолида кўришди.
– “Маҳаллабай” тизими асосида Уйчи туманида йўлга қўйилган тажрибани, маҳаллалар ҳаётидаги бундай ижобий ўзгаришларни вилоятимизнинг бошқа туманларда ҳам кўриш мумкин, – дейди Наманган вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Аълохўжаев. – Албатта, юртимиздаги ислоҳотлар самараларини халқимизга ва жамоатчиликка кенг етказишда оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларнинг ҳиссаси беқиёс. Шу маънода, бундай пресс-турларни ҳар бир туманда ташкил этамиз. Мақсадимиз халқимиз турмуш шароитини янада яхшилаш борасидаги хайрли ишларни кенг тарғиб этиш ва оммалаштиришдир.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА.