“Маҳаллабай” ишлаш тизимидан истеъмолчилар мамнун
Навоий шаҳридаги мавжуд маҳаллалар иккита йирик ҳудудга ажратилган бўлиб, ҳар бир ҳудудга табиий газ бўйича хизмат кўрсатувчи ҳудуд устаси, маҳалла газчиси ва чилангари каби лавозимлар бўйича ишчи-ходимлар бириктирилган. Маҳалла фуқаролар йиғинларининг ўзида газ таъминоти ходимлари учун алоҳида хона ажратилиб, фуқароларнинг газ билан боғлиқ муаммо ва таклифларига шу ернинг ўзида ечим топилмоқда.
2023 йилнинг 26 сентябрида давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ўтказилган видео селектор йиғилишида бир қатор вазифалар белгиланган эди. Шунга кўра, газ таъминоти корхонаси томонидан ҳам “маҳаллабай” тизим орқали аҳолига хизмат кўрсатиши йўлга қўйилди.

Шаҳардаги Янги ариқ маҳалласида мингдан ортиқ истеъмолчи истиқомат қилади. Бу ерда ҳам ана шундай тизим иш бошлади. Натижада маҳаллада ҳудуд устаси, маҳалла газчиси учун алоҳида хона ажратилди. Аҳоли табиий газ билан боғлиқ муаммо ва мурожаатларини маҳаллага келиб, газчилар билан учрашган ҳолда ҳал этишмоқда.
– Янги ариқ маҳалласи 1-йирик ҳудудга кирадиган 14 та маҳаллалардан бири ҳисобланади, – дейди “Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими ходими, ҳудуд устаси Холназар Темиров. – Ҳар кунги иш фаолиятимиз маҳаллага келиб, истеъмолчиларнинг мурожаат ва муаммоларини бартараф этишдан иборат бўлади. Шу билан бирга хонадонма-хонадон юриб, истеъмолчилар билан суҳбат, тарғиботлар олиб боряпмиз. Бу тизим биз учун ҳам, аҳоли учун ҳам қулай бўлмоқда.

Ҳудудга бириктирилган уй ичи газ жиҳозларига сервис хизмати кўрсатувчи чилангарлар ҳам аҳоли хонадонларидаги газ жиҳозларини техник ва профилактик кўрикдан ўтказишмоқда. Шунингдек, ҳудуд устаси ва маҳалла газчиси хонадонларга ўрнатилган “ақлли” газ ҳисоблагичларнинг техник соз ҳолатда эканини кўздан кечириб, табиий газдан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш бўйича тавсия ва тушунчалар беришмоқда.

– Шу маҳаллада анча йиллардан буён яшаб келмоқдаман, – дейди истеъмолчилардан бири Неъмат Жумаев. – Газчиларнинг маҳаллаларга бириктирилгани ва маҳалла биносида фаолият олиб бориши биз учун қулай шароит яратмоқда. Газ жиҳозлари ёки ҳисоблагич билан боғлиқ бирор саволимиз бўлса, эндиликда бемалол ҳудудга бириктирилган газчиларга мурожаат қиламиз. Шунингдек, соҳа ходимларидан керакли тавсияларни оляпмиз. Бу қулайликдан барча маҳалладошлар хурсандмиз.
Бир сўз билан айтганда, “маҳаллабай” тизими истеъмолчи учун ҳам, тизим ходимлари учун ҳам муаммоларни жойида бартараф этиш, халқ билан янада яқинроқ бўлиш ва бошқа жиҳатларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

А.Бўриев, ЎзА мухбири