“Маҳаллабай” ишлаш тизими: амалиёт ва самара
Тошкент вилоятида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида аҳоли ва уюшмаган ёшлар билан ишлашда “маҳаллабай” тизими амалиётга жорий этилади.
Нурафшон шаҳрида айни масала юзасидан ўтказилган семинарда вилоят ҳокими Даврон Хидоятов, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори Ниғматилла Йўлдошев, Марказий банк раисининг ўринбосари Аюбхон Камалов, вилоят тўртта сектор раҳбари, бошқарма ва ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Асосий эътибор ҳудудда “маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этишда Фарғона вилояти тажрибасини оммалаштириш, унинг ютуқларидан унумли фойдаланишга қаратилди.

Хусусан, туман ва шаҳарларда аҳоли сонини аниқлаштириш зарур бўлиб, “Темир дафтар”, “Аёлар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га такрор киритилмаслиги учун эҳтиёжманд, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонлар рўйхатини аниқ тузишга ёрдам беради. Тўртта сектор раҳбари, унинг масъуллари барча маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, аҳолини иш билан банд бўлмаган қатламини иш билан таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича ўрганишларни олиб боради. Бу бўйича зарур ахборотлар тўпланиб, “Йўл харита”ларига киритилади, ижроси назоратга олинади.

Қайд этилганидек, жойларда “маҳаллабай” ишлаш бўйича ўрганишлар уч босқичда амалга оширилади. Маҳаллага доимий вакил – банк ходими, ундан сўнг ҳар бир секторда биттадан бошқарув офиси бўлади. Унда доимий ишлайдиган мутахассислар маҳаллалардан келиб тушаётган мурожаатларни умумлаштириб, мавжуд масала ва таклифлар асосида соҳани ривожантириш дастурини ишлаб чиқади. Шу асосда жойларда бу йил кенг қамровли бунёдкорлик ишлари олиб борилиши режаланмоқда. Шунда мавжуд муаммолар бартараф этилади. Ўз навбатида барча йўналишлар бўйича малакали мутахассислар жалб этилади.
– Мазкур йўналишда қандай ишлаш борасида етарлича маълумотларни олдик, – дейди вилоят прокурори катта ёрдамчиси Фарҳод Аҳмедов. – Амалиётга татбиқ этилаётган янги тизим орқали жойлардаги мавжуд муаммоларни самарали ўрганамиз. Жумладан, Ўрта Чирчиқ туманида кўпчилик аҳоли мебель, замонавий уй жиҳозлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Шунингдек, бошқа тадбиркорлик йўналишлари, ишлаб чиқариш тармоқлари ва иссиқхона иши бўйича ҳам намунали ишлар қилинмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлайдиган, даромад келтирадиган йўналишларни янада ривожлантириш, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш асосий вазифа бўлади. Маҳаллий тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказган ҳолда ишлаб чиқариш тармоғини кенгайтириш, экспорт ва ички бозорни арзон, сифатли маҳуслотлар билан таъминлашга кўмаклашилади. Соҳадаги муаммоларни бартараф қилиш чоралари кўрилади. Бу жараёнда прокуратура органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар тизимли равишда назорат қилинади.
Тадбирда мутахассислар томонидан мавзу бўйича тақдимотлар ўтказилди. Жойларда ёшлар бандлигини таъминлаш, айрим туманларда тижорат банкларининг филиалларини ташкил этиш, кредит ажратишга ёрдам бериш борасида билдирилган таклиф ва муаммолар ўрганилди.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА