Маҳалла ёшларига ҳақиқий йўлбошчи
Маълумки, республикамиздаги жами 9 минг 309 та маҳаллада ёшлар етакчилари фаолият юритмоқда. Улар ичида ўз вазифасини астойдил бажариб, ёшлар билан самарали ишларни ташкил қилаётган, жумладан, маҳалладаги ёшларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш, ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиб лидерлик қилаётганлар талайгина.
Хусусан, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Бахт” маҳалласи ёшлар етакчиси Бобур Нажмиддинов ўз маҳалласи ёшларига ҳақиқий йўлбошчи бўла олди.
– “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинганимдан кейин ўзим каби бир нечта маҳалла ёшлари билан Фарғонага саёҳат қилиб, ўз хонадонида кичик бизнес ташкил этган тадбиркорлар билан танишдим, – деди ёш тадбиркор Бобуржон Жўрақулов. – Улар орасида пенаблок ишлаб чиқараётган ёшларнинг тажрибасига қизиқиб, мен ҳам ўз хонадонимда шундай бизнесни йўлга қўйишни ният қилдим. Бу борада маҳалламиз ёшлар етакчиси Бобур Нажмиддинов мени қўллаб-қувватлаб, пенаблок ишлаб чиқарадиган ускуналарни субсидия асосида ажратиб берди. Мазкур маҳсулот ҳақиқатан ҳам камхаражат ва харидоргир экан. Иш бошлаганимдан кейин ойига 5-6 миллион сўм атрофида даромад топяпман.

Бобур Нажмиддинов маҳаллада ёшлар етакчиси сифатида иш бошлаши билан 28 нафар уюшмаган ёшни “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олди. Ҳозир уларнинг 24 нафарига имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Бу маблағ эвазига уларнинг ҳар бири ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. Ана шундай ёшлардан бири Илҳом Ҳошимов 27 миллион 800 минг сўм миқдорда имтиёзли кредит олди. Ҳозирда Илҳом паррандачилик билан шуғулланмоқда.
– Йиллар давомида Россия давлатида мигрант бўлиб, оила боқардим, –деди тадбиркор Илҳом Ҳошимов. – Яқинларимнинг қистови билан юртимга қайтдим. Қайтиб келганимнинг эртаси куни ёшлар етакчиси Бобур Нажмиддинов нима иш билан шуғулланиш ниятим борлигини сўради. Табиийки, менда жавоб йўқ эди. Шундан сўнг, ёшлар етакчиси менга паррандачилик билан шуғулланишни таклиф қилди. Бунинг учун имтиёзли кредит олишим мумкинлигини айтди. “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинганимдан сўнг имтиёзли кредит ажратилди. Бу пулга мингта жўжа ва паррандачиликда зарур бўладиган жиҳозлар ҳамда дон-дун сотиб олдим. Ҳозир парранда гўшти етиштиряпман. Олган жўжаларимни бир ой муддатда гўшт учун топшираман. Соф даромадим ойига 4-5 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Юқоридаги маълумотлардан шуни англаш мумкинки, етакчи Бобур Нажмиддинов ўз соҳасининг туб моҳиятини билган ҳолда самарали фаолият кўрсатмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА