Маҳалла: янги ваколатлар ва масъулият
Инсоннинг жамият билан боғланиши, унинг дарду қувончига шерик бўлиши, энг аввало маҳалладан бошланади. Асрлар давомида ўзбек халқининг ҳаёт тарзида шаклланган маҳалла нафақат ҳудудий бирлик, балки аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро масъулият тамойилларини ўзида мужассам этган бетакрор ижтимоий институт сифатида қадрланиб келади. Бу ерда қўшнининг ташвиши бегона эмас, муҳтожга кўмак бериш эзгу анъана, жамоат манфаатини кўзлаш эса ҳаёт тарзи ҳисобланади.

Аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, бандликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жамоатчилик назоратини ривожлантириш каби вазифаларнинг самараси кўп жиҳатдан маҳалла тизимининг қай даражада самарали ишлашига боғлиқ.
Шу маънода, Президентимиз томонидан 2026 йил 24 июнда қабул қилинган “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони маҳалла институтини замон талаблари асосида такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди.
Фармоннинг асосий ғояси маҳаллани фақат мурожаатлар қабул қилинадиган ёки ҳашар ташкил этиладиган жой сифатида эмас, балки ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда давлат органлари фаолиятини халқ эҳтиёжи билан уйғунлаштириш маркази сифатида шакллантиришдан иборат.
Ҳужжатда маҳаллаларни ишсизлик, камбағаллик, жиноятчилик ва оилавий ажримлардан холи ҳудудга айлантириш устувор вазифа этиб белгиланган. Бу, аввало, маҳалла фаолиятига нисбатан ёндашув ўзгараётганини англатади. Энди маҳалла муаммони юқори ташкилотларга етказувчи оддий бўғин эмас, балки муаммонинг илдизини кўрадиган, ечим таклиф қиладиган ва ижросини кузатадиган фаол бошқарув майдонига айланиши керак.
Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири “маҳалла еттилиги” фаолиятини ягона мақсад атрофида бирлаштиришга қаратилганидир. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори энди алоҳида-алоҳида иш юритувчи ходимлар эмас, балки бир ҳудуд тақдири учун масъул ягона жамоа сифатида қаралмоқда. Бу аҳоли муаммоларини комплекс ва манзилли ҳал қилиш имконини беради.
Янги тартибда маҳалла раисига алоҳида ўрин берилган. У маҳалладаги ислоҳотлар ва ташаббусларни мувофиқлаштирувчи, аҳоли муаммоларини ўрганувчи, давлат органлари раҳбарлари ҳисоботларини эшитишни ташкил этувчи, жамоатчилик назоратини амалга оширувчи асосий шахс сифатида майдонга чиқади. Бу маҳалла раиси мақомини жамоатчилик вакилидан ҳудуд тараққиёти учун масъул бошқарувчи даражасига кўтаради.
Ҳоким ёрдамчиси фаолияти эса маҳалланинг иқтисодий ривожланиши билан бевосита боғланмоқда. Ҳар бир маҳалланинг имконияти, захираси, иш ўрни яратиш салоҳияти ва тадбиркорлик муҳити чуқур ўрганилиб, алоҳида иқтисодий ривожланиш режаси ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Бу ёндашув камбағалликни қисқартиришни умумий шиор эмас, ҳар бир оила даромади билан боғланган амалий жараёнга айлантиради.
Хотин-қизлар фаоллари зиммасига аёлларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар билан манзилли ишлаш вазифалари юклатилган. Бу оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси ва маҳалла муҳитининг соғломлиги билан бевосита боғлиқ муҳим йўналишдир.
Ёшлар етакчиси эса ёшларнинг ўз қобилиятини намоён қилиши, таълим, спорт, касб-ҳунар, тадбиркорлик ва инновацион лойиҳаларга жалб этилиши учун маҳалла даражасидаги асосий кўмакчига айланади. Айниқса, “Ёшлар дафтари” орқали манзилли ишлаш, уюшмаган ёшлар билан профилактик ва тарбиявий тадбирларни кучайтириш маҳалла барқарорлигининг муҳим омили ҳисобланади.
Фармонда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига ҳам янгича ёндашув белгиланган. Профилактика инспекторининг вазифаси фақат содир этилган жиноятга муносабат билдиришдан иборат эмас. У жиноят ва ҳуқуқбузарликка олиб келувчи сабабларни эрта аниқлаш, нотинч оилалар, назоратсиз ёшлар, гиёҳвандлик, тазйиқ ва зўравонлик, киберхавфсизлик каби хавф омиллари билан манзилли ишлашга қаратилмоқда.
Ижтимоий ходимлар институтининг маҳалла даражасида кучайтирилиши ҳам аҳолига яқин ижтимоий ҳимоя тизимини шакллантиради. Оғир ҳаётий вазиятга тушган шахслар ва оилаларга уларнинг реал эҳтиёжи ва имкониятидан келиб чиққан индивидуал ижтимоий хизматлар кўрсатилиши муҳим аҳамиятга эга.
Фармоннинг амалий кучини оширадиган яна бир муҳим йўналиш маҳаллаларнинг молиявий имкониятларини кенгайтиришдир. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармасига 2026 йилдан бошлаб ҳар йили республика бюджетидан 200 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгилангани маҳалла фаолияти учун мустаҳкам молиявий таянч яратади.
Шунингдек, маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармалари учун қўшимча манбалар белгиланмоқда. Санитария қоидаларини бузганлик ва ноқонуний қурилишлар учун ундирилган жарималарнинг 10 фоизи, жисмоний шахслардан ундириладиган айрим мол-мулк ва ер солиғи маблағларининг 15 фоизи, маҳалла ҳудудидаги айрим давлат мулки объектларини сотиш ва ижарага беришдан тушган маблағлар маҳалла эҳтиёжларига йўналтирилиши ҳудудий муаммоларни ҳал этишда муҳим молиявий имконият бўлади.
Энди маҳалла ўз ҳудудидаги ариқ-зовур, ички йўл, ёритиш, тозалик, бандлик, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш каби масалаларда кўпроқ ташаббус кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бироқ бу имконият шаффофлик, жамоатчилик назорати ва ҳисобдорлик билан бирга юриши зарур.
Фармон билан маҳалла институтининг рақамли трансформацияси ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. 2026 йил 1 ноябрга қадар “Рақамли маҳалла” электрон платформасини яратиш, вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларини ушбу платформа билан интеграция қилиш, аҳоли мурожаатларини сунъий интеллект ёрдамида саралаш, масъул ижрочиларга йўналтириш ва ижросини назорат қилиш вазифалари белгиланган.
“Рақамли маҳалла” платформаси орқали маҳаллалар инфратузилма, тадбиркорлик, камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик, низоли оилалар ва аҳоли мурожаатлари каби кўрсаткичлар асосида “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилиши назарда тутилган. Бу эса ҳар бир ҳудуднинг ҳақиқий ҳолатини очиқ кўриш, ресурсларни муаммо энг кучли бўлган жойга йўналтириш ва натижани доимий баҳолаш имконини беради.
Яна бир муҳим янгилик - ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахсларни маҳалла кафиллиги асосида қайта тарбиялаш механизмидир. Бунда маҳалла еттилиги шахсни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, таълимга йўналтириш ва жамиятга қайта мослаштиришда иштирок этади. Бу жазолашдан кўра инсонни тўғри йўлга солиш, оила ва жамият бағрига қайтариш тамойилини мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг мазкур фармони маҳалла институтини янги босқичга олиб чиқадиган муҳим дастурий ҳужжатдир. Унда маҳалла мустақиллиги, молиявий имкониятлари, рақамли бошқарув, жамоатчилик назорати ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш механизмлари бир бутун тизим сифатида белгиланган.
Энг муҳими, бу ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш ғоясини маҳалла даражасида амалий ҳаётга татбиқ этади. Чунки одам ўз муаммосига ечимни узоқ идораларда эмас, аввало ўзи яшаб турган маҳаллада топса, жамиятда ишонч, ҳамжиҳатлик ва масъулият кучаяди.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА