ЕХҲТнинг махсус вакили Ўзбекистонга ташрифини якунлади
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти амалдаги раисининг мулоқот ва ишончни мустаҳкамлаш масалалари бўйича махсус вакили, элчи Серж Румин Ўзбекистонга ташрифини якунлади.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиёдаги сўнгги ўзгаришлар, шу жумладан, Хўжанд декларацияси ҳамда Фарғона тинчлик форуми натижаларини атрофлича ўрганишдан иборат эди.
Мулоқотлар давомида ЕХҲТда Швейцария раислигининг устувор йўналишлари ҳамда бутун минтақада мулоқот, ўзаро ишонч ва минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф доирасида Серж Румин ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов билан учрашувлар ўтказди. Шунингдек, элчи Марказий Осиё халқаро институтида ҳам музокаралар олиб борди.
– Минтақавий ҳамкорликда эришилган ижобий ўзгаришлар мулоқот, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантириш ҳамда Марказий Осиё халқлари учун кенг имкониятлар яратишда нақадар муҳим эканини яққол кўрсатиб турибди. Ушбу тажриба ЕХҲТ маконида ишончни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорлик масалаларини чуқурроқ муҳокама этиш учун ҳам замин яратади, – деди Серж Румин.

22 июнь куни махсус вакил Фарғона шаҳрида ўтказилган “Ёш тинчликпарварларнинг трансчегаравий ташаббуси” халқаро форумида иштирок этди. Тадбир Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларидан келган 30 нафардан ортиқ ёшларни бир майдонда жамлади. Форум доирасида элчи Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров билан ҳам учрашув ўтказди.
Серж Руминнинг ушбу ташрифи Тожикистон ва Қирғизистонни ҳам қамраб олган минтақавий сафари доирасида амалга оширилди.
ЎзА