Маҳалла хотин-қизлар фаолларининг интеллектуал салоҳияти синовдан ўтказилди
Бугунги кунда мамлакатимизда маҳалла институти нуфузини ошириш, хусусан, жамият ҳаётининг энг муҳим бўғини бўлган оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда маҳалла хотин-қизлар фаолларининг ўрни ва масъулияти тобора ортиб бормоқда. Масъулиятли ва шарафли вазифани сидқидилдан адо этаётган ушбу фидойи аёллар нафақат ижтимоий муаммолар ечимида, балки юксак билим, тафаккур ва маънавий етуклик борасида ҳам барчага ўрнак бўлишлари зарур.
Ана шундай эзгу мақсадларни кўзлаган ҳолда, хотин-қизлар фаолларининг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш, улар ўртасида китобхонлик ва билимдонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган «Заковат» интеллектуал ўйини ташкил этилди.

Беллашув иштирокчиларнинг зукколиги, тезкор фикрлаш қобилияти ва жамоавий ҳамжиҳатлигини яна бир бор синовдан ўтказди. Ўйин фаоллар учун тажриба алмашиш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконияти ҳам бўлди.

Якуний натижаларга кўра 1-ўрин Яшнобод тумани жамоасига, 2-ўрин — Яккасарой тумани жамоасига, 3-ўрин — Миробод тумани жамоасига насиб этди.
Ғолиб жамоалар муносиб тақдирланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА