Маҳалла ва хонадонларнинг “ўсиш нуқталари” аниқланмоқда
Маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш, уни аҳолига яқин маслакдош тузилмага айлантириш устувор вазифага айланган.
Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар маҳалланинг нуфузини ошириб, халқ билан давлат ўртасидаги кўприкка, одамларнинг қувонч-у ташвишлари, муаммоларига ечим топадиган, ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган масканга айлантирмоқда.
Айни вақтда ҳар бир маҳалла ва оилаларнинг “ўсиш нуқталари” аниқланмоқда. Маҳаллани иқтисодий ривожлантиришдаги камчилик ва тўсиқларни бартараф этиш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш объектларининг узлуксиз фаолият юритиши, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалардаги ишсизлар бандлигини таъминлаш сингари муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунинг учун Сирдарё вилоятининг барча туманлари, хусусан, Боёвут туманида ҳам ана шундай ўрганиш ишлари амалга оширилди. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига масъул раҳбар сифатида бириктирилган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Кудбиев, Микрокредитбанк бошқарув раиси О.Бўтаев, Давлат геология қўмитаси раиси Б.Исламов ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси И.Хайдаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан бу борадаги вазият ўрганилди.
Ўрганиш давомида тумандаги 39 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 5 таси – “яхши”, 29 таси –“ўрта” ва 7 таси –“оғир” тоифаларга ажратиб олинди. Ана шу оғир тоифадаги 7 та маҳалланинг жойлашуви, ҳудудининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳар бирининг ўсиш нуқтаси аниқлаб олинди ва ҳар бир йўналиш бўйича лидер тадбиркорларга бириктирилди.
Тумандаги маҳалалларнинг “ўсиш нуқтаси”дан келиб чиқиб, 6 та асосий драйвер йўналишлар ҳам белгилаб олинди. Жумладан, тумандаги 4 та МФЙда чорвачилик, 22 та МФЙда деҳқончилик ва томорқа, 2 та МФЙда боғдорчилик, 7 та МФЙда хизмат кўрсатиш, 2 та МФЙда паррандачилик ва яна 2 та МФЙда иссиқхона бизнесини ривожлантиришга куч, имконият ва аҳолининг етарли даражада тажриба, кўникмалари борлиги аниқланди.
Шуни алоҳида айтиш керакки, масъуллар фақат маҳалланинг ўсиш нуқтаси ва унинг драйверини ўрганибгина қолмай, ҳар бир хонадоннинг ҳам драйверини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бунда маҳаллалардаги хонадон эгаларининг лаёқати ва меҳнат кўникмаларига ҳам эътибор қаратилаяпти.
Шуҳрат Суяров, ЎзА